ПАНДЕМИЯГА ҚАРАМАЙ ПЕШҚАДАМ

         1959 йилда Ғиждувон ЎИЧК шохобчаси сифатида иш бошлаган, кейинроқ мустақил хўжалик субъекти мақомини олган Кармана ўқув-ишлаб чиқариш корхонаси катта майдонни эгаллаган бўлиб, аммо эски, кўримсиз бинолардан таркиб топган эди. Қурилиш тарихи ўтган асрнинг 50-йилларига бориб тақалувчи ишлаб чиқариш объектлари, оилавий ётоқхона муайян даврдаги раҳбар ходимларнинг эътиборсизлиги оқибатида нураб, фойдаланишга яроқсиз ҳолга келиб қолганди. Сўнгги ўн йил ичида ЎИЧК директори Камол Элмуродов саъй-ҳаракати билан бунёдкорлик ишлари амалга оширилган бўлса-да, Навоий вилоят ҳокимлигининг қарорига мувофиқ Кармана тумани марказида замонавий шаҳарсозлик инфратузилмаси барпо этилиши муносабати билан корхонани бошқа манзилга кўчириш эҳтиёжи туғилди.

Ниҳоят, жорий йил бошида корхона ўрнида кўп қаватли уйлар қуришни мақсад қилган “Навоий техно-планет” МЧЖ билан ЎИЧК учун Навоий шаҳридан маъмурий ва ишлаб чиқариш бинолари, алоҳида қўшимча ер майдони, ишчиларга доимий турар жой ажратиш бўйича келишув имзоланди. Келишув доирасида март ойида шаҳар марказида жойлашган 1600 кв. мга тенг иншоотлар корхона ихтиёрига берилди. Аммо ҳали-ҳануз шаҳардан 25 км узоқликда ажратилиши ваъда қилинган 1 гектар бўш ер майдонидан дарак йўқ. Ҳозирда корхона ишчилари учун 8 та икки, 2 та бир хонали уй-жой бунёд этиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Ушбу уйлар ЎИЧК балансига олинган ҳолда 8 та оилага тақсимланиши, 2 тасидан умумий ётоқхона сифатида фойдаланилиши мўлжалланган. Вақтинча бошқа жойда яшаётган ишчилар учун ижара маблағлари юқоридаги МЧЖ томонидан ойма-ой қопланмоқда.

         Корхонага берилган таъмирталаб 2 та бинода карантин даврида иш тўхтаб қолганидан фойдаланиб, катта ҳажмдаги таъмирлаш, реконструкция жараёни амалга оширилди. Аввало, баландлиги 9 м бўлган биноларнинг 2-қавати қурилиб, ички ва ташқи фасадлар, иситиш тизими буткул янгиланди. Маъмурият хоналари, мажлислар зали, меҳмонхона ўрин олган маъмурий бино зарур офис мебеллари билан жиҳозланди. Ишлаб чиқариш биносида эса тўқув цехи, ошхона, тайёр маҳсулот сақланадиган омборхона ташкил этилди. Ушбу бунёдкорлик ишларига корхона ҳисобидан қарийб 90 млн. сўм маблағ сарфланди. Ажратилган жой танқислиги туфайли пахта, тикув цехлари тадбиркорлик субъектларидан ижарага олинган биноларда фаолият кўрсатмоқда. Айрим маҳсулотлар уйда касаначилик асосида тайёрланмоқда. Келгусида қўшимча ер майдонида замонавий ишлаб чиқариш биноси барпо қилиш, ЎИЧК қошида чорвачиликка ихтисослашган ёрдамчи хўжалик ташкил этиш режалаштирилган.

         Жорий йил юртимизда ҳукм сурган карантин чекловлари корхона иқтисодий фаолиятига салбий таъсир кўрсатди. Март-июль ойларида қурилиш-таъмирлаш ишларининг бориши ва пандемия туфайли кўзи ожизлар меҳнат қиладиган тўқув цехи фаолият юритмади. Шунга қарамай, карантин даврида ишчиларга ҳар ой амалдаги базавий ставканинг 100 фоизи миқдорида моддий ёрдам ажратилди. Қолаверса, кўзи ожизлар оилалари ҳомийлар томонидан узлуксиз равишда озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланди. Корхонанинг жорий йил 9 ойлик ишлаб чиқариш кўрсаткичлари 1 млрд. 436 млн. 297 минг сўм ёки режанинг 113 фоизини ташкил этган бўлса-да, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 1 млрд. 200 млн. сўм кам демакдир.

Хом ашё сотиб олиш ва тайёр маҳсулотларни реализация қилишда саноат кластерлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган. Улар корхонада ишлаб чиқарилаётган уч турдаги пахта, бўздан тикилган ўров материаллари, автоёпқич, қоп кабиларнинг харидори саналади. Жорий йилнинг ўзида ЎИЧК ана шундай саноат корхоналарига 2 млрд. сўмликдан зиёд маҳсулот етказиб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олган. Ўтган 9 ой мобайнида 1 млрд. 457 млн. 500 минг сўмлик маҳсулот реализация қилинган бўлса-да, корхона омборида 245 млн. 771 минг 950 сўмлик кўрпа-тўшак, ёстиқ, бўз каби хўжалик моллари ўз харидорини кутмоқда. Уларни давлат харидлари асосида сотишга уринишлар самара бермаяпти.

Корхонада жой танқислиги туфайли ижара хизматини йўлга қўйиш орқали қўшимча даромад топиш имкони мавжуд эмас. Зеро, эски бинода бўш хоналар тадбиркорларга вақтинча фойдаланишга берилишидан ойига 4-5 млн. сўм ЎИЧК ғазнасига келиб тушарди. Қўлга киритилган 204 млн. 544 минг сўм ялпи даромаднинг 195 млн. 870 минг сўми даврий харажатларга тегишлидир. Корхона жамоаси 15 нафар соғлом, 25 нафар кўзи ожиз ишчи-ходимлардан таркиб топган бўлиб, ҳисобот даврида уларга тўланган ойлик иш ҳақи ўртача 540529 сўмдан тўғри келган. Раҳбариятнинг ишлаб чиқариш салмоғини ошириш, маҳсулот турини кўпайтириш орқали даромад манбаларини кенгайтириш, бандлик ҳолатини яхшилаш борасидаги режалари катта. Хусусан, бўзга талаб камайган бир пайтда унинг билан крахмал аралашмасидан хўжалик сумкалари тайёрлаш кўзда тутилган. Умид қиламизки, корхона ҳар қандай шароитда ўз олдига қўйган мақсадлари рўёби сари интилишда пешқадамликни қўлдан бермайди. 

Икром РАЖАБОВ.