ЧЕКЛОВЛАРДАН ИМКОНИЯТ САРИ

         Тарихан қисқа муддатда жаҳон бўйлаб шиддатли тусда тарқалиб улгурган “СOVID-19” коронавируси бутун инсониятни жисман, руҳан доғда қолдириб, деярли барча соҳалар издан чиқишига сабаб бўлди. Жумладан, юртимизда жорий қилинган карантиннинг илк босқичиданоқ аҳолининг уйда – изоляцияланган муҳитда кун кечириши натижасида айрим фаолиият турлари масофавий тарзда кечганини ҳисобга олмаганда, ижтимоий-иқтисодий жабҳаларда иш жараёни тўхталишга юз тутди. Пандемия шароитида хорижий давлатлар тажрибасига таяниб, кишиларнинг гигиена ва ўз-ўзини яккалаш қоидаларига риоя қилган ҳолда иш юритиш малакаси шаклланиб, бора-бора аксарият соҳаларда вазият ўнгланишига эришилди. Карантин шартлари бошқа тузилмалар қатори ЎзКОЖ ва унинг аъзолари ижтимоий-иқтисодий ҳаётига ҳам сезиларли таъсир кўрсатмай қолмади. Жорий йил учун белгиланган ишлаб чиқариш, маданий-маърифий, ижтимоий муҳофаза тадбирларига оид режалар ижроси таъминланмагани оқибатида жамият ташкилотлари фаолиятини молиялаштириш, кўзи ожизлар бандлигини таъминлаш кўрсаткичи кескин пасайиб кетди. Хўш, айни муаммоларга тизимда қай тариқа ечим изланмоқда? Умуман, пандемия ваияти жамиятнинг бугунги ҳолати ва эртанги кун режаларига қандай таъсир кўрсатмоқда? Биз ЎзКОЖ миқёсида бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида МБ раиси Э. Норпўлатовнинг фикрлари билан қизиқдик.

Суҳбатдошнинг қайд этишича, жорий йил март ойининг учинчи ўн кунлигидан бошлаб жамиятнинг барча бўғинларида масофавий иш режимига ўтилиб, жойларда Раёсат қарорлари ижросини назорат қилиш, ҳукумат томонидан қабул қилинган меъёрий ҳужжатлардаги вазифаларни тизимимиз ҳаётига татбиқ этиш ишлари олиб борилди. Айниқса, тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлик янги босқичга кўтарилиши асносида кўзи ожизларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга тизимли ёндашишга киришилди. Пандемия жараёни давом этаётган бир шароитда ҳукумат топшириғига биноан жойларда маҳаллий ҳокимликлар молиявий кўмагида жамиятга қарашли кўзи ожизлар ётоқхоналарининг аксарияти капитал таъмирланиб, янгидан жиҳозланди. Жумладан, биргина Наманган вилоятида “Косонсой соҳили” МЧЖ таъмири учун бюджетдан 250 млн., Чуст корхонасига қарашли турар жойда амалга оширилган бунёдкорлик ишларига 130 млн. сўм маблағ йўналтирилди. Кармана ЎИЧКга тегишли объектлар туман марказининг реконструкция қилиниши туфайли бузилар экан, корхона учун Навоий шаҳридан 1600 кв.м ҳажмидаги ишлаб чиқариш мажмуаси ҳамда янги бино-иншоот қуришга мўлжалланган 1 гектарга тенг қўшимча ер майдони ажратилди. Шунингдек, авария ҳолатидаги ётоқхонада яшаб келган оилаларга янги қурилган уй-жойлардан 10 та 2 хонали квартира тақдим этилди.

          Пандемия даврида ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаларида кузатилган фаолиятсизлик туфайли аксарият корхоналар иқтисодий тангликни бошдан кечирмоқда. Буни ўтган 6 ой мобайнида жамият миқёсида маҳсулот тайёрлаш ҳажми 2019 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб икки бараварга камайгани яққол исботлайди. Кредит маблағларидан фойдаланиш, бўш турган биноларни тадбиркорларга ижарага бериш орқали қўшимча даромад топиш имконияти ҳам чеклангани боис ЎИЧКлар солиқ, коммунал ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорлик исканжасида қолмоқда. Корхоналарда фаолиятни қайта жонлантириш мақсадида ҳукуматнинг кўрилган молиявий зарар ўрнини тўлдиришга қаратилган беғараз кўмагига таяниш ўта муҳимдир. Сўнгги даврда ЎИЧКлардан ажратмалар бўйича тушум кескин камайганини ҳисобга олиб жамият раҳбариятининг мурожаат йўллаши натижасида республика Молия вазирлиги томонидан МБ ходимларининг 2 ойлик иш ҳақи ва ҲБлар дотацияларини қоплаш учун 136 млн. сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилди.

ҲБ ва МТлар фаолиятини маҳаллий ҳокимликлар заҳира жамғармаси ҳисобидан молиялаштиришни йўлга қўйиш юзасидан олиб борилган саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ ҳокимликлар томонидан узлуксиз равишда иш ҳақи билан таъминланиб келаётган Бухоро, Самарқанд, Сирдарё ВБлари сафига Навоий, Жиззах, Наманган вилоятларидаги жамият ташкилотлари ҳам қўшилди. Қолаверса, Фарғона, Сурхондарё ВБларига йиллик иш ҳақи харажатларини қоплашга етадиган миқдорда моддий кўмак берилгани давлатимиз юксак ғамхўрлигининг ёрқин ифодасидир. Ўз навбатида жамият хўжалик субъектлари ҳам аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламини қўллаб-қувватлашга баҳоли қудрат ҳисса қўшиб келмоқда. Шунингдек, ЎзКОЖ раҳбариятининг сўровига мувофиқ ҳудудлар доирасида кўзи ожизлар оилаларига ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари ва тиббиёт буюмлари етказиб берилмоқда.

         Жорий вазиятда амалга оширилаётган оммавий-ташкилий ишлар хусусида шуни айтиш мумкинки, июнь ойида илк бор Тelegram месенжери орқали МБ Раёсатининг масофавий йиғилиши ташкил этилди. Навбатдаги расмий йиғинларни ZOOM дастури кўмагида онлайн тарзда ўтказиш кўзда тутилган. Айтиш жоизки, ушбу тажрибани тизимда кенг оммалаштириш, нафақат сиёсий, балки маданий-маърифий тадбирларни худди шу тартибда уюштириш вақти етди. Раёсат томонидан қайта тасдиқланган 2020 йилги иш режасига мувофиқ ўрнатилган чекловлар ҳамда моддий ресурслар етишмовчилигидан келиб чиқиб, жамият аъзолари ўртасида республика миқёсида 5 та спорт, 3 та маданий тадбирларни ўтказиш номаълум муддатга қолдирилди.

         Шу ўринда ижтимоий жабҳада намунали фаолият кўрсатиб келаётган Қашқадарё вилоятидаги жамият ташкилотларининг янги имкониятларни ишга солиш борасидаги изланишлари хусусида тўхталсак. ВБ етакчиси Ҳ. Пўлатовнинг билдиришича, айни тузилмалар иши устидан назоратни кучайтириш, уларга кўзи ожизлар билан ҳар томонлама алоқаларни жонлантириш бўйича муҳим йўл-йўриқ ва тавсиялар бериб бориш мақсадида ВБ негизида “Қашқадарё раислари” Тelegram гуруҳи ишга туширилди. Карантин даврида жамиятга ҳомийлик ва хайрия тушумларининг кескин камайиши натижасида МТлар республика Иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳудудий бўлимлари билан ҳамкорлик ўрнатишга киришдилар. Ҳар бир ҳудудда кам таъминланган, ижтимоий кўмакка муҳтож кўзи ожизлар оилалари рўйхати шакллантирилиб, ВБ орқали вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасига тақдим этилди. Апрель ойининг ўзида биргина Қарши шаҳридаги кўзи ожизлар хонадонларига 3 марта зарур озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар етказиб берилди. Май ойидан эътиборан, ҲБ ва МТларда биноларни вақт-вақти билан дезинфекциялаш, ходимларнинг тиббий ниқоб ва қўлқопда бўлиши, аъзоларни якка ҳолда қабул қилиши қоидаларига амал қилинган ҳолда тузилмалар фаолияти қайта тикланди. Бунда фуқароларга моддий ёрдам ажратиш бўйича аризаларни электрон тарзда расмийлаштириш йўлга қўйилиб, реабилитация воситалари таъминоти “етказиб бериш” хизмати орқали амалга оширилмоқда. Шу билан бирга қуйи бўғинда кўзи ожизларни аниқлаш ва жамиятга жалб этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишлари ТМЭКлар билан ҳамкорликда баҳоли қудрат олиб бориляпти. Аммо махсус маданият марказлари ва кутубхоналар фаолияти вақтинча тўхтагани боис жамият аъзолари ўртасида тўгарак машғулотлари, маърифий тадбирлар ташкил этилмаяпти.

Пандемиянинг ижобий таъсири инъикоси сифатида жамият фаолларида онлайн ва масофавий ишлаш, замонавий технологик дастурий таъминотлардан фойдаланиш тажрибаси шаклланди. Эндиликда республика Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда тизим доирасида ягона электрон тармоқни ишга тушириш, шу орқали корхона, ташкилот ва муассасалар фаолиятини бевосита назорат қилиш, ўзаро ҳужжат алмашиш, расмий йиғилишлар ўтказиш имкониятини кенгайтириш мумкин. Карантин чекловлари жамиятда айрим оммавий тадбирларни онлайн ташкил этиш тажрибаси қўлланишига замин яратар экан, хусусан, тез ва ифодали ўқиш, компьютер саводхонлигига оид қатор кўрик-танловларни ZOOM дастури ёрдамида ўтказиш вақт ва маблағ тежалиши, жамиятдошларимизнинг бўш вақти мазмунли кечишига хизмат қилади. Бу даврда кўзи ожизларга хизмат кўрсатувчи муассасаларнинг вазифаси кўриш ногиронларининг нафақат тиббий ва моддий, балки маънавий эҳтиёжларини қондиришдан ҳам иборат бўлмоғи жоиз.

Ҳозирда жойлардаги аксарият зиё масканлари ўз фондидаги аудиокитобларни тегишли Тelegram каналига жойлаштириш орқали китобхонларга мутолаа завқини улашиб келаётгани эътирофга молик. Ҳар бир кутубхона ўз Тelegram ботига электрон китобларни-да киритиб, унда болалар ва катталарга мўлжалланган янги адабиётлар билан таништиришни йўлга қўйиши, шунингдек, матбуот нашрларида босилган долзарб мавзудаги материалларни овозли шаклда ўқувчилар ҳукмига ҳавола этиши кўзи ожизларнинг маънавият хазинасидан баҳраманд бўлишларига кенг имкон яратади. Сирасини айтганда, ҳар қандай синовли даврда инсоният ҳаётий мажбуриятларни адо этиш йўлида имкониятлардан оқилона фойдаланиши зарурлигини бугунги кун воқелиги ёрқин исботлади.

Икром РАЖАБОВ.