БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

ТИЗИМДА ЯНГИЛАНИШ САРИ

ЎзКОЖ Марказий Бошқаруви аъзолари, ЎИЧК МЧЖ директорлари иштирокида бўлиб ўтган ЎзКОЖ МБнинг навбатдаги II Пленумида дастлаб бошқарув таркибида шакллантирилган реабилитация ва спорт-соғломлаштириш, тадбиркорлик ва бизнес, маданият ва таълим, ижтимоий муҳофаза ва ёрдам, кексалар ва фахрийларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар ҳамда ёшлар масалалари билан шуғулланувчи жамоатчилик комиссияларининг фаолият механизми ва тегишли соҳаларни ривожлантиришга оид иш режалари белгилаб олинди. Жамият миқёсида 2019 йил 26 сентябрдан 2020 йил 1 мартга қадар амалга оширилган ишлаб чиқариш натижалари ва иқтисодий кўрсаткичлар юзасидан тақдим этилган илк маърузада қайд этилишича, тизимдаги 46 ЎИЧК, 30 шўъба корхонада маҳсулот ишлаб чиқариш режаси 119 (12 млрд. 42 млн. 875 минг 900 сўм), таннархи 102 (8 млрд. 274 млн. 665 минг 200 сўм), соф фойда 79 (797 млн. 635 минг 600 сўм) фоизни ташкил этган. Ушбу натижага пахта ва пахта маҳсулотлари тайёрлаш ҳисобига эришилиб, бу ўз навбатида соҳада кўзи ожизларнинг бандлик даражаси ўсиши, демакки, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватланишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Сўнгги даврда корхоналарда рўйхатда турган 892 нафар ногироннинг 693 нафаригина  ишлаб чиқариш жараёнида қатнашгани, уларнинг ўртача ойлик иш ҳақи 366 минг 348 сўмни ташкил этгани фикримизни яққол исботлайди.

          Жамият иқтисодий бўғинида юз кўрсатаётган муаммоларнинг асосий омили ЎИЧКларнинг бизнес режалари мавжуд имкониятларга мувофиқ тарзда тузилмаётгани билан боғлиқ. Яъни уларда бино-иншоотлар ва ер майдонлари, ишлаб чиқариш қувватидан тўлақонли фойдаланиш нуқтаи назаридан иқтисодий кўрсаткичлар, иш ҳақи, рентабеллик, айланма маблағлар прогнозини белгилаш аниқ ҳисоб-китоблар асосида тартибга солинмаган. Шу боис “Жиззах-саломат”, “Тикув-зиё-файз”, Қарши, Самарқанд, Нукус ЎИЧКлари каби йирик инфратузилмага эга айрим корхоналарга нисбатан кичик хўжалик субъектларида умумий ўсиш суръати анча юқори эканига гувоҳ бўламиз. Таъкидлаш жоизки, ҳисобот даврида биргина Урганч ЎИЧК МЧЖ томонидан 19700 АҚШ доллари қийматидаги маҳсулот четга экспорт қилинган. Корхоналарда модернизация ишлари амалга оширилмай, банкдан олинган 700 млн. сўм ва 1 млн. 403 минг 750 АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағлари хом ашё хариди учун ўзлаштирилган.

         Аёнки, тизимда ички назоратнинг кучайиши муваффақиятлар изчиллигини таъминлаш, камчиликларни ўз  вақтида бартараф этишга хизмат қилади. Ушбу мақсадда МБ Раёсати қарорига асосан ЎзКОЖ корхона, ташкилот ва муассасаларининг ўтган йилги ялпи фаолияти ишчи гуруҳлар томонидан тегишли мезонлар асосида бевосита ҳамда билвосита ўрганилиб, ҳудудий бўлим ва ЎИЧК МЧЖлар ишини баҳолаш рейтинги шакллантирилди. Текширув натижасида аниқланишича, бугунги кунда жамият тузилмалари ихтиёридаги 15 минг 948 кв. метрга тенг бино-иншоотлар ҳамда 381 гектарга яқин бўш ерлардан самарали фойдаланилмаяпти. Экин майдонларининг салкам 17 гектарга тенг қисми ўзлаштирилмаган. 4 та корхона ижара асосида фаолият юритмоқда. Тафтиш жараёнида хўжалик субъектларида замонавий ахборот воситаларидан фойдаланиш, ҳужжат юритиш, мол-мулкни сақлаш, асосий воситаларни инвентаризациядан ўтказиш, товарлар сифат сертификатларини расмийлаштириш, ҳудудда санитария қоидаларига амал қилиш ҳамда ходимлар учун зарур меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш борасидаги вазият қониқарсиз экани аён бўлди. ЎИЧКларда яна аудиторлик текширувини ўтказиш, ишчи-хизматчилар касбий малакасини ошириш, ишлаб чиқаришда янги технологиялар жорий қилиш, фаолиятни ривожлантиришга доир йўл хариталарини ишлаб чиқиш бобида амалий ҳаракат кўзга ташланмайди. Айниқса, қолоқлар сафидаги “Чортоқ-саховат-меҳр-мурувват”, Қизилтепа, Каттақўрғон, Улуғбек, Хива, Чирчиқ, Қува, Сирдарё, Нукус ЎИЧКлари, “Самарқанд-чорвадор” ёрдамчи хўжалиги, “Косонсой соҳили” МЧЖ кечиктириб бўлмайдиган масалалар ижросига киришишлари талаб этилади. Умуман олганда, тизимдаги корхона ва ташкилотлар раҳбарлари олдига қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси қўйилди:

         1. Корхоналар Низомларини янги меъёрий талаблар асосида қайта кўриб чиқиш;

         2. Устав жамғарма маблағларини сезиларли даражада ошириш;

3. Жойлашган ўрни, эгаллаган умумий ер майдони, цехлар тури, ишчилар сонига қараб Тошкент шаҳридаги ЎИЧКларни “А”, ҳудудлар марказидагиларни “Б”, туманлар кесимидагиларни “С” типларига ажратиш, ҳар бир типга кирувчи субъектларни юқоридаги мезонлар асосида гуруҳларга бўлиш;

4. Бизнес режалар, штатлар жадвалини тип ва гуруҳларга мос ёндашувлар асосида шакллантириш;

5. Корхоналарни 2020 – 2024 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича йўл хариталарини ишлаб чиқиш, кўзи ожизлар бандлик даражаси, иш ҳақи, соф фойда, айланма маблағ, умумий ва соф рентабеллик кўрсаткичларини оширишга алоҳида эътибор қаратиш;

6. Янги инновацион ғоялар асосида ишлаб чиқариш жараёнини техник ва технологик жиҳатдан янгилаш чораларини кўриш;

7. Корхоналарда замонавий менежмент бошқаруви ва маркетинг хизматини жорий этиш;

8. Реклама фаолиятини  йўлга қўйиш;

         9. Тижорий таклифларни интернет орқали харидорларга тақдим этиш;

         10. Давлат харидлари асосида маҳсулотларни реализация қилишга қатъий киришиш;

11. Товарларни сотишда электрон биржа ва савдо ярмаркаларида мунтазам  қатнашиш;

         12. Корхоналарда импорт ўрнини босувчи маҳсулот тайёрлаш ва уни ички бозорга етказиб бериш ҳамда экспортга чиқаришни жадаллаштириш;

         13. Тизимда турдош маҳсулот ишлаб чиқарувчи субъектлар сонини камайтириш, уларда турли халқ истеъмоли моллари тайёрлаш кўламини кенгайтириш;

         14. Соғлом рақобат муҳитини яратиш мақсадида корхоналараро   меҳнат мусобақалари, ўқув-амалий семинарлар уюштириш, илғорлар тажрибасини оммалаштириш, қолоқларга интизомий чора кўриш, раҳбар ходимларнинг ойлик маошларини иш суръати ўсишига қараб ошириш каби тизимли тадбирларни амалиётда қўллаш;

         15. ЎИЧКларда мутахассислар, ишчи-ходимларнинг касбий малакасини ошириш ишларини ташкиллаштириш;

16. Ички ва ташқи моддий ресурслардан фойдаланган ҳолда бино-иншоотларни жорий ёки капитал таъмирлаш;

17. Тегишли маҳаллий бўлинмалар билан ҳамкорликда меҳнат жамоаларида маданий-маърифий, спорт-соғломлаштириш тадбирларини ўтказиш.      

2019 йил якунлари бўйича ҲБларнинг умумий фаолияти, қарздорлик ҳолати ҳам текширувдан ўтказилди. Мазкур тузилмаларда фуқаролар билан ишлаш, бўлим назоратидаги корхона, ташкилот, муассасалар ишини ўрганиш жараёнини такомиллаштириш, МТларга ҳомийлик маблағларини жалб қилиш, кўзи ожизларни тиббиёт муассасаларига йўлланмалар, реабилитация воситалари билан таъминлаш бажарилиши лозим бўлган муҳим вазифалар сифатида қайд этилди.

Навбатдаги маъруза жамият миқёсида оммавий-ташкилий, маданий-маърифий, спорт-соғломлаштириш ва реабилитация соҳаларида амалга оширилган ишлар, белгиланган келгуси режалар таҳлилига бағишланди. Таъкидланишича, 2020 йил 1 март ҳолатида тизимда ҳисобда турган 49 232 нафар кўзи ожизнинг 23 403 нафари жамият аъзоси ҳисобланади. Бу республика тиббий-меҳнат эксперт инспекцияси (ТМЭИ)да рўйхатга олинган 66915 нафар кўриш нуқсонига эга шахсларнинг 68,8 фоизи жамият томонидан аниқлангани, шундан атиги 31,2 фоизи аъзоликка қабул қилинганини англатади. Айрим ҳудудий бўлимлар Устав талабларига номувофиқ равишда ТМЭК маълумотларигагина таяниб ўз ҳисобида турган кўзи ожизлар сонини белгилашга уринмоқда. Бу ҳол жойларда кўзи ожизларни аниқлаш ва тизимга жалб этиш ишлари етарлича йўлга қўйилмаганидан дарак беради. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, бугунги кунда жамият аъзоларининг 3417 нафари ёки 14,6 фоизи таянч маълумот эгаллаган  бўлса, 1355 нафари ёки 5,7 фоизи ҳатто бошланғич билимга эга бўлмаган шахслардир. Демак, халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда бундай кишиларни имкон қадар ўқитиш, уларда брайль ёзуви саводхонлигини шакллантириш ўта муҳим саналади.

Ҳисобот даврида оммавий-ташкилий, маданий ва кўнгилочар тадбирлар баҳоли қудрат ўтказилган эса-да, аммо ҳали-ҳануз жойларда бу борада сифат эмас, сон ортидан қувилаётгани, жараён маълум қобиқ доирасида кечаётганини кузатиш мумкин. Келгусида кўзи ожизларнинг талаб ва эҳтиёжларини ўрганган ҳолда уюштириладиган тадбирлар ранг-баранглиги, уларда ёш иқтидорларни юзага чиқариш, жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Соғломлаштириш соҳасида ҳам қатор муаммолар тўпланиб қолгани сир эмас. Сўнгги 3 йил давомида 1323 киши ёки умумий жамият аъзоларининг 5,65 фоизигина сиҳатгоҳларда соғлиғини тиклагани бу борада изчил ислоҳотларни амалга ошириш зарурлигини кўрсатади. Шундан келиб чиқиб, ЎзКОЖ раҳбарияти томонидан жорий йил Янгийўл сиҳатгоҳига имтиёзли ва арзонлаштирилган нархлардаги йўлланмалар сонини 140 тага етказиш, ишловчи кўзи ожизларга тегишли корхона ва ташкилотлар, шунингдек, касаба уюшмалари кўмагида 64, илғор ҲБ, МТ ва ЎИЧКлар раҳбар ва ишчи-ходимларига мукофот тариқасида 22 та йўлланма ажратиш кўзда тутилган.

Ўтган давр мобайнида ЎзР Олий Мажлиси ҳузуридаги жамоат фонди танловларида ЎзКОЖ Қарши, Жомбой, Вобкент туман бўлинмалари томонидан ногиронликнинг олдини олиш, кўзи ожизларни тиббий ва касбий реабилитация қилиш, улар орасида китобхонликни ривожлантиришга йўналтирилган 84 млн. 500 минг сўмлик грант лойиҳалари амалиётга татбиқ этилган бўлса, бандлик борасида жамият корхоналарига 13, тизимдан ташқари муассасаларга 11 нафар шахс ишга жойлаштирилиши билан боғлиқ ўзгаришлар рўй берди. Шу тариқа меҳнатда банд кўзи ожизлар сони 2912 нафарни ташкил этар экан, бу ҳисобда турганларнинг салкам 6, жамият аъзоларининг 12,44 фоизига тенгдир. Кўринадики, келгусида давлат ташкилотлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда кўзи ожизлар учун қулай иш ўринлари яратишга доир истиқболли дастурларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш катта аҳамиятга эга.

Йиғилишда ЎзКОЖ МНТК раиси Қ. Ҳақбердиевнинг МБ фаолияти устидан ўтказилган текширув натижалари юзасидан берган маълумотига кўра, ҳисобот даврида МБ раёсати қабул қилган 40 та қарор, ЎзКОЖ раисининг 3 фармойиши ижроси тўлиқ таъминланган. Жамият аъзоларидан келиб тушган 36 та ариза ва шикоятларнинг 4 таси рад этилиб, қолганларига ўз вақтида расмий жавоб қайтарилган. ЎзКОЖнинг сарф-харажатлар сметасига мувофиқ МБ маъмурий харажатларига 336 млн. 640 минг, ҲБ дотацияларига 77 млн. 958 минг, маданий ва спорт тадбирларига 2 млн 315минг. сўм шунингдек, солиқ, коммунал ва бошқа тўловларга тегишли миқдорда маблағ сарфланган. МБ тавсиясига кўра, тизимнинг барча бўғинларида Устав талабларига қатъий риоя қилиш, ташкилотларда ходимлар иш тартиби регламентини ишлаб чиқиш, ҳисобот ҳужжатлари тўғри юритилишига эътибор қаратиш, смета режасига ўзгартириш киритишга эҳтиёж туғилган ҳолларда уни тасдиқлаган орган розилиги билан иш кўриш лозим.

         Музокараларда сўзга чиққан жамият фахрийси Б. Абдужабборов, Сергели МТ раиси А. Фаттоҳов, ҲБ етакчиларидан Ҳ. Пўлатов, И. Ғаффоровлар томонидан бошқарув қошидаги жамоатчилик комиссиялари халқ билан бевосита мулоқот ўрнатган ҳолда кўзи ожизларнинг кундалик турмуш шароитларини ўрганишлари, жамият фаолияти, давлат миқёсида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнини кузатиб бориш орқали долзарб муаммолар ечимига оид таклифларни Пленум муҳокамаларига киритишлари зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, маҳаллий бўлинмаларда давлат ва нодавлат тузилмалари билан ҳамкорликда жамият аъзоларининг сиёсий-ҳуқуқий онгини ўстиришга қаратилган тадбирларни мунтазам уюштириш, кичик тадбиркорлик, ижара хизматларини йўлга қўйиш орқали МТларнинг молиявий таъминотини яхшилаш, тизимда рақамли бошқарувни жорий этиш асносида ахборот ва ҳисоботларнинг янги шаклини яратиш, уларнинг электрон имзо билан тақдим этилиши, ўзаро маълумот алмашинуви тезкорлик ва шаффофлик асосида юритилишини таъминлаш,  бунинг учун МБ веб-сайти ишини такомиллаштириш, корхона ва ташкилотларни замонавий технологик воситалар билан жиҳозлашга доир муҳим фикр-мулоҳазалар билдирилди. МБнинг ҳисобот давридаги фаолияти қониқарли деб топилиб, МНТК далолатномаси ва 2020 йилги сарф-харажатлар сметаси лойиҳаси бир овоздан маъқулланди.

Йиғилиш якунида янги муддат учун А. Абдуллаев ЎзКОЖ раиси ўринбосари, И. Ражабов “Бир сафда” журнали бош муҳаррири лавозимларига тасдиқланди. Кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.  

* * *

Пленумдан сўнг ЎзКОЖ корхона, ташкилот ва муассасаларининг 2019 йилдаги ялпи фаолиятини баҳолаш натижаларига кўра ғолибликка эришган ҲБ ва ЎИЧК МЧЖларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Ҳудудий бўлимлар орасида 89,75 балл билан 1-ўринни забт этган Қашқадарё ВБга 4 та, 88,8 балл тўплаб 2-ўринни қўлга киритган Бухоро ВБга 3 та ҳамда 86,4 балл билан 3-ўринга лойиқ кўрилган Фарғона ВБга 2 дона Янгийўл сиҳатгоҳи йўлланмалари ҳамда тегишли даражадаги дипломлар топширилди. Шунингдек, Сирдарё (84,5), Самарқанд (80,45) ҳамда Тошкент шаҳар (79,5 балл) ҲБларига рағбатлантирувчи ўрин соҳиби сифатида МБнинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари тақдим этилди. Корхоналар орасида 88 балл билан Кармана ЎИЧК МЧЖ мутлақ ғолибликка эришган бўлса, 2-3-ўринлар 83,25 балл жамғарган Ғиждувон ҳамда 81 балл тўплаган Бухоро ЎИЧК МЧЖларга насиб этди. Айни хўжалик субъектлари раҳбарлари ва фаол ишчи-хизматчилари ҳам сиҳатгоҳ йўлланмалари билан рағбатлантирилди. Шу билан бирга “Дизайн-Принт” “энг замонавий корхона”, Чўтка “креатив лойиҳа”, Урганч “экспортёр корхона” ва “Қалб нури-касаначи” “ энг фойдали корхона” номинациялари ғолиби сифатида 1 тадан йўлланма билан тақдирланди. Жамият ва халқ олдидаги самарали хизматлари учун Ўзбекистон халқ ҳофизи О. Сафаровга “ЎзКОЖ аълочиси” кўкрак нишони, Қизилтепа ЎИЧК директори Т. Тўхтаевга қутлуғ 60 ёшга тўлиши муносабати билан МБнинг эсдалик совғалари топширилди.

Пленум материаллари асосида тайёрланди. 

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш