БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

ИМКОНСИЗЛИК ЭМАС, ТЕНГЛИК ИСТАЙДИЛАР

ИЖТИМОИЙ ЧЕКЛОВЛАР ҚУРШОВИДА

Сезгилар орасида етакчиси ҳисобланмиш кўриш ва эшитиш инсон ҳаёт оқими бўйлаб ҳаракатланишида муҳим зарурат экани маълум. Уларнинг бирида чекланиш юзага келса, табиийки, иккинчи сезги бажаражак функциянинг кўмаги ва аҳамияти ортади. Айтайлик, ёруғ дунёни кўриш, гўзалликлардан баҳра олиш имкони чекланган шароитда хизмати нисбатан камроқ фоизлар билан белгиланувчи эшитиш бирламчи ва зарурий кўмакчига айланади. Башарти иккиси ҳам чекловга юз тутса, яшаш нақадар мураккаблашишини тасаввур қилиш қийин эмас. Орамизда икки томонлама ногиронлиги бўлган шахсларнинг учраши уларда дард юки залворли ва бундан етажак заҳматлар салмоқли эканига ишора қилади. Жисмиятдаги чекланишлар кенг қамровга эга бўлган ҳолларда кишининг сабри, иродаси ҳам анчайин жиддий синовлар оташида тобланади. Биз қуйида ҳаётига чизгилар беришга аҳд қилганимиз кўриш ва эшитиш нуқсонига эга инсонлар бирйўла икки дард билан курашиб яшаётганлар тоифасига киради.

         Дунёнинг бошқа давлатларида бўлгани каби бизда ҳам кўриш-эшитиш чекловига юз тутган шахслар аҳолининг муайян қисмини ташкил этади. Бироқ қонунчиликда бу тоифа ногиронларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояланиши кўзда тутилмаганидан уларнинг ижтимоий оғриқ ва муаммоларга тўла ҳаёти ҳанузгача ўнгланиш сари юз бургани йўқ. Дарҳақиқат, юртимизда икки ёқлама сенсор бузилишларига йўлиққан кишиларнинг инсоний ҳуқуқларини қонун йўли билан муҳофаза қилиш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоя ва инклюзив муҳит доирасига қамраб олиш борасида ҳали амалий ишларга қўл урилмаган. Ушбу оғир турдаги ногиронлик тегишли қонунларда алоҳида тоифа ўлароқ белгиланмаган бир шароитда айни ҳолатдан зарур имкониятлар яратилмагани сабаб янада кўпроқ азият чекаётган инсонлар сафи тобора кенгаймоқда. Биз бу каби дарддошларимизнинг кечаги ва бугунги кунига назар ташлар эканмиз, уларнинг ижтимоий ҳаётда кўпдан-кўп тўсиқ ва мушкулотларга дуч келаётгани манзарасига шоҳид бўлдик. Бирламчи ҳам долзарб муаммо айни тоифа болалар учун махсус ўқув муассасаси, демакки, таълим олиш имкони мавжуд эмаслиги билан боғлиқ. Бу уларни ҳамма қатори хат-савод ўрганиш, зарур билим ва кўникмаларга эга бўлиш, келгусида меҳнат майдонида ўз ўрнини топиш сари элтувчи йўллар берк эканини англатади. Аслида ҳам ногиронликнинг оғриқ ва чекловлари чуқур ҳис қилинишига жисмоний кемтикдан кўра шароитлар чекланганлиги кўпроқ сабабдир. Дастлаб мактабда билим олиши кўплаб тўсқинликларга учраган ва ўрта таълимни ниҳоясига етказа олмаган, ҳозирда Тошкент вилояти Янгийўл туманида истиқомат қилувчи Ўктам Раҳмонқулов мисолида вазиятга кенгроқ тўхталсак.

Жисмонан тўкис ҳолда дунёга келган бу йигитнинг аввалига орттирилган жароҳатлар туфайли кўриш, кейинроқ шифокорлардаги уқувсизлик боис эшитиш қобилиятида жиддий чекланиш рўй берди. Аввалига оммавий мактабда ўқиган Ўктам кўриши ва эшитиши ёмонлашгандан сўнг, аниқроғи, 2000 йилда Тошкент шаҳридаги кўзи ожиз болалар мактаб-интернатида эшитиш аппаратидан фойдаланган ҳолда қайта бошланғич сабоқ олишга киришди. Кўзи ожизлик устига эшитиш қобилиятининг анчайин заифлашуви унинг мактаб таълимига жалб қилинишида мушкулликларни юзага келтирди. Узоқ Сурхондарёдан пойтахтга келиб ўқиш қийинчилик туғдиргани боис Қарши шаҳридаги турдош ўқув масканида таҳсилни давом эттиришига тўғри келганда ҳам бу масала ҳал этилиши мушкул муаммога айланди. Тўғрироғи, кўриш-эшитиш нуқсони тақозосига кўра махсус шароитлар яратилмаган бу даргоҳларда болани қай тарзда ўқитиш мумкинлиги масъулларни оғир ўйга толдирди. Қисқаси, пойтахт мактабида бир муддат кечган таҳсилдан сўнг Р. Раҳмонова, Ҳ. Пўлатов каби таълим жонкуярларининг қўллаб-қувватлови остида Ў. Раҳмонқуловни Қаршидаги билим масканига ўқишга қабул қилишди.

Наинки биринчи партада, балки ўқитувчининг ёнгинасида ўтириб дарсларни тинглаш, катта қийинчилик билан сабоқларни ўзлаштиришга тўғри келди. Нафақат дарс машғулотларида, балки тенгдошлар билан ўзаро мулоқот чоғида ҳам эшитиш кемтиги ўз таъсирини кўрсатарди. Ўша кезларда мактабда фаолият юритган хорижлик кўнгилли ходимлар танг вазиятда қолган ўқувчига ўзи фойдаланаётганидан имконияти кенгроқ замонавий эшитиш аппаратини харид қилишда яқиндан ёрдам беришди. Аҳвол бир қадар яхшиланган эса-да, барибир, ўқув жараёнида бошқалар билан тенг равишда иштирок эта олмаслик, сабоқдошлардан ортда қолиш вазияти ўзгармай қолди. Шу тариқа Қарши мактабида ўқиш 7-синфга қадар давом этди. Ҳарқалай, устозлар кўмагида брайль ёзувини ўргангани, атроф-оламга оид билим ва тушунчалар қамрови кенгайгани таҳсил даври самаралари сифатида ҳаётида ўрин эгаллади. Жисмоний айби устидан кулишлар, турфа камситиш ва қаршиликлар эса мазкур даврдан нохуш эсдалик бўлиб қолди. Мактабни тугатганлик ҳақидаги битирув шаҳодатномасига эга эмаслиги ўз-ўзидан қаҳрамонимизнинг Тошкент ва Фарғонадаги ногиронлар касб-ҳунар коллежларида сабоқ олишига ҳам тўсқинлик қилди. Шу зайл у афсуски, таълим олиш ҳуқуқидан бошқалар сингари тўлақонли даражада фойдалана олмади.

Дарддошимиз учун меҳнатда бандлик масаласи ҳам ҳанузга қадар ечим топмаган. Унинг оиласи, бир нафар фарзанди бўлса-да, бирор соҳада фаолият кўрсатмайди. Демак, ҳаминқадар миқдордаги болаликдан ногиронлик нафақасига қаноат қилишга тўғри келади. Ўктамни жамият аъзолигига қабул қилиш, эҳтимол, муносиб иш билан таъминлаган кўйи муайян ижтимоий мавқега эришишига йўл очиш зарурати мавжуд. Тўғри, у шу ҳолда ҳам ҳаётига мазмун бағишловчи фойдали амалиётлар билан машғул. Брайль ёзувида китоблар мутолаа қилиш, компьютерга операцион тизим ва дастурлар ўрнатиш шундай машғулотлар сирасига киради. Дарҳақиқат, қаҳрамонимиз уяли телефон, компьютер сингари замонавий техника воситалари имкониятларидан кенг кўламда фойдаланаётган билимдон ёшлардан. Демак, уни бирор манфаатли иш билан банд этишда айни салоҳияти яқин кўмакдош бўлиши шубҳасиз. Қолаверса, тегишли ҳудуддаги жамиятимиз фаолларининг эътибори ва амалий кўмагига таянган ҳолда дарддошимизни тизим ҳаётига кенгроқ жалб этишнинг ҳам пайти етди. Ўрни келганда айтиш жоиз, тизимимизда икки ёқлама сенсор бузилишлари бўлган кишиларни ҳисобга олиш ва улар билан зарур ишларни олиб бориш масаласи ҳамон ечимталаблигича қолмоқда. Бунинг сабаби эҳтимол, соҳада мавжуд тажрибалар ўрганилмагани ва амалиётга жорий этилмагани, умуман, бизда кўзи ожиз-карлар билан ишлаш механизмлари шаклланмаганига боғланса ажабмас.

                            ТАЪЛИМДАН БЕБАҲРА АВЛОД

Юртимизда таълим тараққиёт поғоналаридан тобора илдам кўтарилиб бораётган бугунги кунда бир тоифа авлод бундан бебаҳра ҳолда вояга етаётгани ачинарлидир. Кўриш-эшитиш нуқсонига эга болалар таълими шу кунгача йўлга қўйилмаганининг сабаб ва оқибатлари хусусида мутахассислар фикри билан қизиқдик. Республика Таълим маркази махсус ва инклюзив таълим бўлими методисти, педагогика фанлари номзоди, доцент Убайда Файзиева мулоҳазалари:

 - Собиқ иттифоқ даврида барча иттифоқдош республикалардаги кўзи ожиз-кар болаларни қамраб олувчи ўқув тизими фақат Россияда мавжуд эди. Айни мамлакатларда бундай қўшма нуқсонли болалар озчиликни ташкил этар, натижада улар бутун иттифоқдан жалб этилган ҳолда бир ерда ўқитиларди. Дейлик, бизнинг ватанимизда ҳам мазкур тоифага мансуб саноқли ўғил-қизлар учун мактаб очилмаслиги тайин эди. Ёдимда: 1983 йилда менинг раҳбарлигимда махсус таълимнинг турли йўналишлари мутахассисларидан иборат 118 кишилик катта бир гуруҳ Москвада малака ошириш курсини ўтаб қайтди. Сафар доирасида кўриш-эшитиш имконияти чекланган болаларни ўқитишга ихтисослашган ўша вақтдаги Загорск мактаб-интернатига ташриф буюриб, бундаги ўзига хос таҳсил жараёни билан танишишга муваффақ бўлдик. Ўшанда таниқли психолог олима О. Скороходова билан кечган учрашув ва тифлосурдотаржимон кўмагидаги ўзаро мулоқот унутилмас таассуротларни туҳфа этди. Интернатга қабул қилинувчилар ёши чекланмаган, уларнинг ҳар бири билан индивидуал тарзда машғулот олиб бориларди. Табиийки, бизнинг болажонлар ҳам мазкур таълим йўналишидан фойдаланишлари мумкин эди. Иттифоқ тугатилиши туфайли мавжуд алоқалар барҳам топгач, эндиликда ушбу имкониятларни ўзимизда жорий этиш зарурати туғилди. Боз устига бугунгача 11 нафар мактаб ёшидаги мураккаб нуқсонли болаларнинг аниқлангани айни заруратни мумкин қадар тезроқ қондириш кераклигини аён этмоқда. Бизнинг бўлим саъй-ҳаракати билан республика бўйлаб кўриш-эшитиш кемтиги бўлган болалар сонини аниқлаш, уларни диагностика қилиш, таълимга жалб этиш, соҳа учун керакли мутахассисларни тайёрлаш масалаларини қамраб олган махсус лойиҳа ишлаб чиқилди. Биринчи навбатда юртимиз мутахассисларининг Россияда бу борада шаклланган малака ва тажрибаларни ўрганиб қайтишлари учун шароит яратиш муҳим чора-тадбирларнинг бири ўлароқ кўзда тутилган. Мақсад – айни болаларни ўқитиш амалиётини жорий этиш учун мустаҳкам замин ҳозирлаш. Ҳозирча ушбу аҳамиятли лойиҳа тегишли идоралар тасдиғидан ўтгани йўқ. Лойиҳа тасдиқланган тақдирда халқаро ташкилотлар қўллаб-қувватлови асосида уни амалга оширишга киришиш мумкин. Ҳеч бўлмаганда кўриш-эшитишдан маҳрум кичкинтойлар учун бирор мактаб қошида синф очиб, уларга хат-савод ўргатиш чорасини кўриш даркор. Ахир, 11 нафар боланинг таълимдан четда қолиши воқелигини жимгина кузатиб туриш мумкинми?

Суҳбатдошимизнинг қайд этишича, кўзи ожиз-кар болалар иштирокидаги ўқув жараёни қўллар орқали мулоқот ўрнатиш асосида ташкил этилади. Тўғри, кўзи ожиз заиф эшитувчилар маълум даражада овозни қабул қила оладилар. Бироқ кўриш ва эшитиш қобилияти буткул чекланган болалар қўлга махсус ҳарфлар ёзишни англатувчи дактил-алоқа нутқи усулидан фойдаланадилар. Маълумот ўрнида айтиш жоиз, кар-соқовлар мактабларида ўқувчиларга имо-ишора тили билан бирга бармоқларда ҳосил қилинувчи ҳарфлардан иборат бармоқ алифбоси ҳам ўргатилади. Икки ёқлама сенсор бузилишларидан жабр чекаётган инсонлар сўзларни нафақат қўлдаги ёзма ифодаси, балки қўлни лабга қўйган ҳолда тери-туйиш сезгиси ва талаффуз қилинаётган товушларнинг тебранишлари орқали ҳам ўқишлари мумкин. Яъни кафтнинг орқа қисми лабга қўйилади, шу тахлит тактил-вибрацион усул қўлланиши асносида товушлар қабул қилинади.

Англашилганидек, кўзи ожиз-кар болаларга сабоқ бериш махсус таълимнинг анчайин мураккаб йўналиши ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, мутахассислар дефектология факультети бўлимлари қаторида тифлосурдопедагогика гуруҳини ташкил этиш, айни тоифа болалар билан ишлаш йўл-йўриқлари, тегишли усул ва методик тавсияларни пухта ўзлаштириш зарурлигини уқтирадилар. Айтилишича, авваллари ушбу факультет талабаларига тифло, сурдопедагогика йўналишларининг ҳар бири бўйича бир йил давомида педагогик амалиёт ўташ имкони яратиларди. Бугунга келиб унинг муддати бор-йўғи бир неча ҳафтага тушиб қолган. Махсус таълимнинг ҳар бир йўналиши юзасидан “ҳар соҳадан бир шингил” қабилида сабоқ берилгани ва талабалар муайян жабҳага тўла ихтисослашмагани оқибатида кадрлар савияси талабга жавоб бермаслиги кузатилади. Шунингдек, уларнинг ўқув даргоҳларида устоз-шогирдлик анъанаси асосида малакали ўқитувчилардан тажриба ўрганиши ҳам педагогик салоҳияти юксалишида муҳим ўринга эга. Яна бир эътиборли жиҳат махсус таълим меъёр ва стандартлари ишлаб чиқилувчи ташкилотларда соҳанинг етакчи мутахассислари фаолият юритишига эришиш билан боғлиқ.

                            Мавзуни НОДИРА ўрганди.

(Давоми келгуси сонда.)

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш