БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

ХОРИЖ УНИВЕРСИТЕТИ МАГИСТРАНТИ

         Ҳар бир даврнинг ривожланиш босқичи, соҳалар тараққиётида тил ўрганиш  муҳим аҳамият касб этиб келган. XII – XV асрларда бутун дунё араб тилини ўрганишга интилган бўлса, вақт ўтиши билан француз, XX асрга келиб немис тили дунёда катта мавқе эгаллади. Албатта, қайсидир тилнинг жаҳон тили даражасига кўтарилиши ундан фойдаланувчи давлатнинг ривожланганлик даражаси, бошқа мамлакатлар иқтисодига қай даражада таъсир эта олиши билан ҳам белгиланади. Бизнинг давримизга келиб инглиз тили жаҳон тиллари рўйхатида биринчиликка чиқиб олди. Юртимизда умумтаълим мактабларининг бошланғич синфларидан бошлаб ушбу тилнинг ўргатилишидан мақсад ёш авлоднинг тил ўрганишга бўлган интилишини ошириш ва шу орқали тараққиётга ҳисса қўшишини таъминлашдан иборат. Хорижий тилларни пухта ўзлаштириб, салмоқли муваффақиятларга эришаётган дарддошларимизнинг бу борадаги ютуқлари айрича таҳсинга лойиқ. Ана шундай иқтидорли ёшлардан бири Хайрулло Руҳиддиновдир.

1995 йил Тошкент вилояти Паркент туманида туғилган Х. Руҳиддинов пойтахтимиздаги кўзи ожиз болалар мактаб-интернатида таҳсил олган. 2017 йил Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университетини тамомлаган. Ҳозирда таҳсилни АҚШнинг Webster университети магистратура босқичида давом эттирмоқда. Қаҳрамонимиз 2019 йилда инглиз тили бўйича ўтказилган IELTS имтиҳонларида муваффақиятли қатнашиб, 6,5 баллик натижа қайд этган. Қуйида кечажак суҳбатимизда ушбу тил синовининг ўзига хослиги, кўзи ожизларнинг бу каби имтиҳонлардаги иштироки, бу борада қандай имтиёз ёинки муаммолар мавжудлиги хусусидаги саволларга ойдинлик киритамиз.

– Хайрулло ака, айтинг-чи, инглиз тилини қачон ўрганишни бошлагансиз, бунга сизни нима ундаган?

– Тилга қизиқишим мактабда ўқиб юрган кезларимдаёқ уйғонган. Коллежда 3-босқичга ўтганимда инглиз тилини пухта ўрганишга қатъий аҳд қилганман. Шу орзу-умидлар билан Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университетига қадам қўйдим. Талабалик йилларида тилни билиш даражамизга қараб ўн кишидан иборат сараланган гуруҳ ташкил этилди. Мен ҳам шу гуруҳ таркибидан ўрин олдим. Курсдошлардан ортда қолмаслик учун жидду жаҳд билан ўқидим. Қўшимча равишда репетиторларга қатнаб инглиз тилни янада чуқурроқ ўзлаштиришга ҳаракат қилдим. 3-босқичга ўтганимда IELTS имтиҳонларига жиддий тайёргарлик кўришга киришдим.

– IELTS тизими ҳамда унинг мақсад-вазифалари ҳақида тўлиқроқ маълумот берсангиз.

– IELTS “International English Language Testing” сўзларининг қисқартмаси бўлиб, “халқаро инглиз тили тест тизими” деган маънони билдиради. Бу тизимга 1987 йилда Буюк Британияда асос солинган бўлиб, мазкур давлатдан йўлланган қўлланмалар ва тест материаллари асосида синовлар ўтказилади. Ҳозирда 110 мамлакатда IELTS марказлари мавжуд бўлиб, йилдан-йилга тест топширувчиларнинг сони ортиб бормоқда. Бу тизим икки мақсадни кўзлаган ҳолда амал қилади: биринчидан, чет давлатларга ишлаш, саёҳат қилиш учун боришни ихтиёр этганларнинг инглиз тилини билиш даражаси аниқланади. Синовнинг бир қадар соддароқ тестлар тақдим этилувчи ушбу кўриниши “General IELTS” деб юритилади. Иккинчидан, хорижда илмий фаолият билан шуғулланиш истагида бўлган инсонларнинг инглиз тили бўйича билимлари баҳоланади. Тестнинг бу тури “Academic IELTS” деб аталади. Буюк Британия, АҚШ ва шу каби чет давлатлар олийгоҳларига ўқишга киришни истаганлар ушбу имтиҳондан муваффақиятли ўтишлари талаб этилади. Ҳатто юртимиздаги баъзи чет эл олий ўқув юртларининг филиалларида ҳам IELTSга доир сертификати бўлмаган талаба ўқишга қабул қилинмайди. 

– Маълумотларга кўра, соғлом кишилар IELTS тизимига ҳужжат топширишлари учун паспорт нусхаси, фотосурат тақдим этишлари ва белгиланган суммадаги тўловни амалга оширишлари керак бўлади. Ҳатто интернет орқали рўйхатдан ўтиш имкони мавжудлиги айтилади. Хўш, кўзи ожизларнинг ҳужжат топшириш тартиби қандай?

– Кўзи ожизлар ҳужжатларни интернет орқали топшира оладиларми-йўқми, рости, бундан бехабарман. Бунинг имконияти бўлган тақдирда ҳам яхшиси, жамиятдошларимиз ҳужжатларни ўзлари бориб топширганлари маъқул. Аввало, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонасига IELTS тизимига ҳужжат топшириш нияти хусусида маълум қилиниши лозим. Очиғини айтсам, элчихонага илк бор борганимда унинг ходимлари мени ажабланиб кутиб олишган. Чунки улар учун биз каби инсонларнинг тест топшириши янгилик бўлган. Бундан 12 йил муқаддам Дилшод Мусаев исмли ўқитувчи юртимизда кўзи ожизлар орасидабиринчи бўлиб IELTS сертификатини олган эди. Аммо у пайтларда тизимнинг услуби,тақдим этилувчи тестлар бироз бошқачароқ, синовга бўлган талаб ҳам унчалик юқори эмасди. Шунинг учунми, элчихона раҳбари аввалига тест топширишимга у қадар ишонқирамади. Аммо элчи билан инглиз тилида мулоқот қилганимдан сўнг унда менинг билимимга ишонч пайдо бўлди. Соғлом инсонлардан фарқли ўлароқ биз топширадиган ҳужжатлар қаторида ТМЭК хулосаси ҳам инглиз тилида тақдим этилиши керак. Сабаби, ушбу ҳужжатлар Буюк Британияга юборилади ва брайль ёзувидаги материаллар қабул қилиниб, пайти келганда махсус тестлар кўзи ожиз қўлига берилади. Имтиҳонга қадар ҳам тест жараёни ҳақида тасаввур берувчи брайлча манбалар жўнатилади. Таъкидлаш жоиз, бу борадаги ташкилий ишлар аъло даражада йўлга қўйилган. IELTS тизимига нафақат кўзи ожизлар, балки заиф кўрувчилар, нутқида нуқсони бўлган кишилар ҳам ҳужжат топширишлари мумкин. Масалан, заиф кўрувчилар кўриш даражасини ҳисобга олган ҳолда уларга тестлар йирик шрифтли ёзувда тақдим этилади.

– Тест топшириш жараёни қай тарзда кечади? Унинг босқичлари ҳақида батафсил маълумот берсангиз.

– IELTS имтиҳонлари Speaking (Гапириш), Listening (Тинглаш), Reading (Ўқиш), Writing (Ёзиш) каби 4 босқични қамраб олган. Саволлар тилнинг шу 4 жиҳати асосида берилади. Бу орқали кишининг инглиз тилини қай даражада билишини аниқлаш мумкин. Имтиҳон жараёни 2 кун давом этади. Дастлаб 3 қисмдан иборат speaking босқичи бўйича топшириқлар жами 14 дақиқа ичида бажарилади. Бу кўзи ожиз тил билимдони учун асло муаммо туғдирмайди. 1-қисмда синов иштирокчиси “Нималарга қизиқасиз?”, “Қайси фаслни ёқтирасиз?” каби оддий саволларга равон нутқ асосида тўла жавоб бериши талаб этилади. 2-қисмда брайль ёзувида тақдим қилинувчи саволларга жавоб қайтариш асносида айтайлик, киши ҳаётидаги энг унутилмас воқеа, у қачон юз бергани, қандай таъсир кўрсатгани ҳақида 2 дақиқа давомида сўзлаб берилади. 3-қисмда ҳам тест топширувчи муайян мавзудаги саволларга жавоб қайтариши керак бўлади. Мен брайль ёзувидаги саволларни ўқигунимча 2-қисм учун берилган вақт бироз ўтиб кетгани боис speaking бўйича қайд этган натижам 6,5 бални ташкил этди. Ҳаммаси вақтида бажарилса, саволларга мантиқ билан ёндашилса ва сўз бойлиги етарли бўлса, ушбу босқичдан ўтиш ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди.

Кейинги босқичларда кўзи ожиз  кўмаклашувчи шахс хизматидан фойдаланади. Чунки берилган материаллар бўртма шрифтда бўлса-да, жавобларни ясси кўринишдаги тест варақасига белгилаб бориш зарур. Listening босқичида аудио шаклидаги бир неча диалоглар, матнлар эшиттирилади ва ўша тингланган маълумотлар бўйича брайль ёзувидаги 40 та саволга жавоб бериш лозим бўлади. Бунда ҳам кўзи ожизлар учун алоҳида имкониятлар мавжуд. Чунончи, соғлом инсонларга аудиотопшириқлар бир марта, кўзи ожизларга уч маротабагача эшиттирилади. Тўлиқроқ тасаввур ҳосил бўлиши учун бир мисол келтираман. Диалогларнинг бирида кутубхонага келган бир киши кутубхоначига соғлиғида юз бераётган муаммоли ҳолатларни бартараф этиш учун қандай китоблардан фойдаланиши кераклигини сўраб мурожаат қилади. Кутубхоначи унга спорт, сабзавотларга доир ва бошқа китобларни тавсия этади. Шу тариқа сиздан саволлардаги ишораларни илғаш, ҳар бир сўзни тушуниш талаб этилади. Агар барчасига тўғри жавоб белгиласангиз, бу босқич бўйича 9 бални қўлга киритасиз. Ўрни келганда айтишим керакки, кўзи ожизлар учун инглиз тилидаги дарсликлар йўқлиги шу ерда панд беради. Сабаби, сизнинг ёрдамчингиз инглиз тилидан хабардор бўлса-да, жавобни айтаётганингизда сўзларни ҳарфма-ҳарф сўраб олади. Сиз сўзнинг қандай маъно англатишини билсангиз-у, аммо қай тариқа ёзилишини айтиб бера олмасангиз, бу ҳам балл пасайишига сабаб бўлади. Шахсан менда шундай ҳолатлар юз берди.

Reading кўзи ожиз учун энг муаммоли босқич ҳисобланади. Рости, бунда мен 5 балл ҳам ололмадим. Ўқиш дегани шунчаки тайёр матнни овоз чиқариб ўқиб бериш эмас. Бу нуқтада берилажак 40 та саволни ўқиб, уларнинг тўғри жавобини True (рост), ҳақиқатдан йироқ жавоб вариантларини False (ёлғон) тарзида белгилаш даркор. Яна бир муаммоли жиҳати, Reading босқичида ясси шрифтдаги 3 бетли матн брайль ёзувида 12 – 15 бетга айланиб кетиши мумкин.  Материалнинг 14-бетини ўқиб турганингизда 3-бетдаги бир сўз керак бўлиб қолиши, шундай вазиятда бир саҳифани ушлаб туриб, иккинчи қўл билан нариги саҳифадаги сўзни қидириб топишга тўғри келиши ортиқча вақт йўқотиш ва асабий зўриқишларга олиб келади. Шу боис топшириқни диққат билан, фикрни бир жойга жамлаган ҳолда бажариш зарур. 2 қисмдан иборат Writing босқичи ҳам биз каби инсонлар учун осон кечмайди. Жадваллар билан ишлашга доир 1-қисмда менга шундай шарт тушганди: 1980 йилда Хитойда темирйўл узунлиги 6500, Германияда бу вақтда 7580 км бўлса, 1990 йилга келиб Италия темирйўли Хитой ва Германиядан 500 кмга ошиб кетди. Шу тарздаги жадвални тушунган кўйи матний кўринишда ифодалаб бериш лозим. Баҳслашувни эслатувчи 2-қисмда форма кийиш шартми-йўқлиги борасида савол тушди. Бунда форма кийиш кишилар ўртасидаги нотенгликка барҳам бериши ёки аксинча, ўқувчиларни бир қолипга солиб қўйиши сингари қарама-қарши фикрларни ёзиш билан бирга мулоҳазалар сўнгида ўз хулосангизни ҳам ифода этишингиз керак. 1-қисмда ёзилган матнда сўзлар сони 150, иккинчисида 250 тадан кам бўлмаслиги талаб этилади. Босқичлар жавоблари Ўзбекистонда текширилади ва натижалар 15 кун ичида аниқланади.

– Кўзи ожизлар учун тил ўрганишдаги жиддий муаммолар сифатида нималарни қайд этган бўлардингиз?

– Соғлом кишилар фойдаланувчи инглиз тилига доир ўқув адабиётлари етарли бўлгани ҳолда дарддошларимиз учун бу йўналишда махсус ёзувдаги дарсликлар мавжуд эмаслиги энг катта муаммо. Ҳатто жисми тўкис болажонлар учун суратлар воситасида тил ўргатишга мўлжалланган турли мавзуларга оид китоблар чоп этилган. Шу орқали уларга айтайлик, тасвири берилган бирор воқеани инглиз тилида баён этиш кўникмаси сингдирилади. Тўғри, ҳозирги замонавий техник ускуналар воситасида бўртма расмлар чоп этиш мумкиндир, барибир, бу катта натижа бермайди. Яхшиси, зарурий манбаларни тўплаган ҳолда бўртма нуқтали ёзувда инглиз тили қўлланмаларини нашр этиш лозим. Ўзим ҳам тил ўрганиш, айниқса, IELTS имтиҳонларига тайёрланишда қатор қийинчиликларга дуч келганман. Бир неча репетиторларга қатнаганман. Кўзи ожиз тил ўрганувчига қай йўсинда дарс ўтиш чораларини излаб тополмай, бундан бош тортганлар ҳам бўлди. Охир-натижада устозим кўмагида хорижий тил билимларини кенг кўламда ўзлаштириб, шу поғонага етиб келдим. Бугунги кунда мактабларда инглиз тилини етарли даражада ўрганиш имконини бермайдиган “Fly High” номли қўлланмадан дарс берилар экан, мен ўзим меҳнат қилаётган Тошкент вилояти Паркент туманидаги 5-аниқ фанларга ихтисослашган ўқув муассасасида ўқувчиларга турли методлардан фойдаланган ҳолда тилга оид билимларни сингдиришга ҳаракат қиляпман. Муҳими, болалар дарсларимга қизиқиш билдиришидан илҳомланиб, машғулотларни янада қизиқарли йўсинда ташкил этишга интиляпман.

– Айтинг-чи, IELTS сертификати сизга қандай имтиёзлар берди? Қоидага кўра, унинг амал қилиш муддати 2 йил экан. Келгусида яна имтиҳон топшириб, натижани ошириш ниятингиз борми? Умуман, келажакдаги мақсадларингиз қандай?

– IELTS сертификати менга Тошкентда очилган АҚШнинг Webster олийгоҳи филиалига ўқишга кириш  имконини берди. Ҳозирда мазкур олий ўқув юртининг магистратура босқичида таҳсил оляпман. Ўқиш учун тўланадиган шартнома пулининг тенг ярми Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи марказий кенгаши томонидан қопланди. Бу ҳам мен учун яхши бир имкониятдир. Менда ҳозирча қайта имтиҳон топшириб, бални ошириш истаги йўқ. Боиси, ҳозир мен таҳсил олаётган университет дипломининг даражаси IELTSнинг 9 балидан ҳам юқори туради. Мақсадларга келсак, насиб қилса келгусида бирор олий ўқув юртида сабоқ бериш ниятим бор. Хорижий мамлакатларда тажриба орттириб, кўзи ожизларга тил ўргатишнинг янгидан-янги усулларини жорий этиш режаларим ҳам йўқ эмас. Менимча, кўзи ожиз инсон бир қадам олдинда юришни ўрганиши керак. У бугунги куни эмас, балки эртаси билан яшасагина маълум марраларни забт эта олади.

– Ажойиб суҳбат учун ташаккур. Сиз берган маълумотлар инглиз тилини ўрганишга қизиқувчи журналхонлар учун фойдали йўриқнома сифатида хизмат қилишига ишончим комил.

Мирали ҒИЁСОВ суҳбатлашди.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш