БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

ИСЛОҲОТЛАР РЎЁБИ ЙЎЛИДА

Бир вақтлар жамиятнинг етакчи корхоналаридан саналган, сўнгги йилларга келиб фақат чўтка тайёрлаш, ижара маблағлари ҳисобига кун кўриш билан кифояланиб қолган пойтахтдаги ЎзКОЖ Чўтка ЎИЧК иқтисодий муаммолар исканжасида қолганди. 1 млрд. сўмликка яқин тайёр маҳсулот сотилмай, уларга харидор топиш мушкуллик туғдириши, оқибатда ишлаб чиқаришнинг тўхтаб қолиши, Тошкент шаҳарида фойдаланилмаётган объектлардан самарали фойдаланиш бўйича Идоралараро комиссияси хулосасига асосан корхона ҳисоб рақами ёпилиб, 54 млн. сўм миқдорида жаримага тортилиши унинг молиявий аҳволини янада оғирлаштирди. Мазкур хўжалик субъектини зудлик билан ривожлантириш чоралари кўрилмай, бозор талабига мос янги фаолият турига ўтилмайдиган бўлса, фойдаланилмай турган бўш жой сифатида уни давлат тасарруфига ўтказиб юбориш таҳдиди кучайди. МБ раҳбариятининг таклифи билан 2018 йил Чўтка ЎИЧКни қабул қилиб олган хусусий тадбиркор ва сармоядор, Россия фуқароси Муҳаммадхайрулло Қаюмжонов ўзининг қатъиятлисаъй-ҳаракати билан корхонани сақлаб қолишга эришди. Биз ушбу ЎИЧКка ташриф буюриб, бу ерда ишлаб чиқариш жараёнида юз бераётган ўзгаришлар, ишчи-ходимлар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишдик.

2009 йилдан буён Ўзбекистонда фаолият юритиб келаётган, ишлаб чиқариш жараёнини йўлга қўйиш борасида катта тажриба тўплаганМ. Қаюмжонов юртимизда “Кедровая бочка” компанияси ташкилотчиси, “Фито бочка” соғломлаштириш марказлари асосчиси сифатида танилган. Малакали мутахассис ишни дастлаб ЎИЧК ҳудудини ободонлаштириш, эскирган бино-иншоотларни таъмирлашдан бошлади. Қисқа муддатда раҳбарият томонидан бозор талаблари ҳамда экспорт имкониятларидан келиб чиққан ҳолда бошқа тур маҳсулотлар ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш йўналишини жорий этиш чоралари кўрилди. Сармоядорнинг шахсий маблағи ҳисобидан 1600 кв. м майдонда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиб, Чўтка корхонаси қошида умумий қиймати 7,5 млрд. сўмлик, ойига 5000 дона маҳсулот тайёрлаш қувватига эга автоматлаштирилган тўқув цехи ишга туширилди. Банкдан олинган 5 млрд. сўм кредит эвазига Хитойдан келтирилган, компьютерлаштирилган 16 та тўқув дастгоҳида трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, 12 нафар кўзи ожиз, 15 та соғлом кишининг меҳнатда бандлиги таъминланди. Четдан жалб қилинган мутахассислар кўмагида ишчилар соҳа сирларини пухта ўзлаштирдилар. Автоматлаштирилган дастгоҳлар зарур ўлчам ва дизайнларни компьютер хотирасига киритиб, тегишли тугма босилиши билан жемфер тўқишни бошлайди. Маҳсулотлар харидоргир, экспортбоп бўлиши учун сифатли акрил иплар Туркиядан келтирилди. Ҳозир корхонада сифат жиҳатдан Хитой, Туркия маҳсулотларидан қолишмайдиган, буюртмачилар талабига мос дизайндаги жемферлар шартнома асосида маҳаллий бозордаги хусусий тадбиркорларга етказилмоқда. Иш жараёнида кўзи ожизлар жемферлар ёқаси, енгларидаги ортиқча ипларни сўкиш, тайёр маҳсулотларни қадоқлаш каби вазифаларни бажармоқда.

2019 йил май ойидан тўлиқ фаолиятга киришган цехда бугунги кунда аёлларнинг 1,5 млрд. сўмликдан зиёд кузги, қишки мавсумга мос жемферлари тайёрланди. Корхонанинг ички бозордан ташқари қўшни Тожикистон, Қозоғистон Республикалари, шунингдек, Россия Федерацияси билан имзоланган 500 минг АҚШ доллари қийматидаги экспорт шартномаси валюта тушумини таъминлайди. 2 сменада ташкил этилган жадал иш жараёни Чўтка ЎИЧКнинг 2 млрд. сўмлик йиллик ишлаб чиқариш режаси уддаланишини кафолатлайди. Қолаверса, 2019 йилнинг биринчи ярмида ЎИЧКда заҳирада сақланган хом ашёлар ҳисобига тайёрланган 217,6 млн. сўмлик чўтка маҳсулотлари корхона омборида ўз харидорини кутмоқда. Асосий талабгорлар бўлмиш пахта саноати тузилмаларининг кластер тизимига ўтиши чўтка харидининг кескин камайиб, омборларда туриб қолишига сабаб бўлмоқда. Тўқув маҳсулотлари тайёрлашда ҳам кўзи ожизларни тўлиқ иш билан қамраб олишнинг иложи бўлмаса-да, ундан тушган даромад корхонанинг айланма маблағи ортишига хизмат қилади. Маҳсулот экспортидан тушган маблағ ЎИЧКни ривожлантириш, меҳнатчиларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш йўлида сарфланади.

1983 йилда фаолият бошлаган корхонанинг умумий майдони 2,1 гектарни ташкил этади. Ҳозирда рўйхатда турувчи 80 та ишчи-ходимнинг 62 нафари кўзи ожизлардан иборат. ЎИЧКга қарашли собиқ маданият уйи биноси 30 млн. сўмга таъмирланиб, бу ерда жамиятдошларимиз учун спорт зали ташкил этилди. Кўзи ожиз меҳнатчиларга мавжуд имкониятлар доирасида ўртача 450, тўқув цехида ишлаётганларга 900 минг сўм ва ундан зиёд миқдорда иш ҳақи тўланмоқда. Ошхона ишга туширилиб, ишловчиларга бепул тушлик бериш йўлга қўйилди. Шунингдек, байрам саналарида 100 минг сўм пул мукофоти билан тақдирлаш, ҳайит айёми арафасида корхонада ишлаб чиқарилаётган жемферлардан ҳадя қилиш кўринишида ходимлар рағбатлантирилди. Ўтган йил Чорвоқ дам олиш масканида 100 нафар ишчи-хизматчининг оила аъзолари билан ҳордиқ чиқаришлари таъминланди.

Корхона истиқболига йўналтирилган кенг қамровли модернизация тадбирлари амалга оширилаётгани таҳсинга лойиқ. Хусусан, унинг 1-қаватида иссиқ сув манбаига уланган 700 кв. м жой таъмирланиб, қайта реконструкция қилинди. Бу ерда 500 млн. сўмлик зарур технологиялар билан жиҳозланган соғломлаштириш маркази ишга туширилиш арафасида. Худди шундай 2-қаватда халқ истеъмоли учун турли шарбатлар ва тоза ичимлик суви қадоқлашни йўлга қўйиш орқали кўзи ожизларнинг меҳнатда бандлик имкониятларини кенгайтириш мақсадида 2300 кв. м майдонда монтаж ишлари олиб борилмоқда. Айни режа рўёби учун Тошкент шаҳар ва Миробод туман ҳокимликлари билан келишган ҳолда умумий қиймати 17 млрд. сўмлик лойиҳа тайёрланди. Хитойнинг соатига 12 минг дона боклажка сув тайёрлаш қувватига эга ҳамёнбоп, камхарж сув қадоқлаш технологиялари танланиб, тегишли шартномалар имзоланди. Мазкур бизнес лойиҳа амалга оширилгач, корхонада 115 та янги иш ўрни яратилиб, шундан 80 таси кўриш ногиронлари бандлигига хизмат қилади. Айтилишича, қўл меҳнатига асосланган қадоқлаш ускунасида боклажка ва қопқоқ тайёрлаш жараёнида кўзи ожизлар бемалол иштирок эта олади.

Раҳбарнинг таъкидича, ишчилар қишда совуқ, ёзда иссиқ шароитларда ишлаб келган корхонада эндиликда улар учун маиший ва бошқа турдаги  қулайликлар яратилди. Бино-иншоотларга акфа эшик-ромлар ўрнатилиди. Амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишлари учун умумий ҳисобда 3 млрд. сўмга яқин маблағ сарфланди.Бўш жойлардан унумли фойдаланиш мақсадида 2020 йил иш  режасига мувофиқ корхона ҳудудида озиқ-овқат дўкони, чойхона, 2 қаватли 120 ўринга мўлжалланган меҳмонхона қуриш бўйича лойиҳалар ижроси кўзда тутилган. Бунинг натижасида мавжуд 25 минг кв. м майдоннинг 90 фоиздан ортиғи бандлиги таъминланади. Корхона биносида 30 дан зиёд хусусий тадбиркор ижарачи сифатида фаолият юритиши ҳисобига 50 млн. сўмдан ортиқ даромад олинса-да, бу маблағ озиқ-овқат, солиқ ва тўловлар харажатларига сарфланмоқда. Бундан ташқари, ҳар ойда банк ҳисоб рақамига 103 млн. сўмдан зиёд кредит тўланмоқда. Мухтасар айтганда, янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ички имкониятлардан оқилона фойдаланиш, ишчилар учун ҳар томонлама қулай шароит яратиш бўйича ўз олдига қўйган мақсадлар рўёби йўлида дадил одимлаётган, жамият ҳамда кўзи ожизлар манфаатини кўзлаб кенг қамровли ислоҳотларни амалга ошираётган Чўтка корхонаси жамоасига омадлар тилаб қоламиз.  

МОДЕРНИЗАЦИЯ – ИСТИҚБОЛГА ЙЎЛ

2003 йил фаолияти йўлга қўйилган, Шерзод Ҳошимов етакчилик қилаётган кенг тармоқли “Дизайн-Принт” ЎИЧК МЧЖ сўнгги йилларда маҳсулот ишлаб чиқаришда миллиардлар билан иш кўраётган пешқадам корхоналар сирасига киради. Босма нашрлар, матбаа намуналари тайёрлаш, нашриёт хизматлари кўрсатишга ихтисослашган мазкур ЎИЧКда меҳнат қилувчи 25 ишчи-хизматчининг 13 нафари кўзи ожизлардир. 2019 йилда корхона томонидан Мудофаа, Ички ишлар, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари иш қоғозлари, ишлаб чиқарувчиларга бежирим қутилар, турли ёрлиқ ва буклетлар етказиб бериш, дорилар йўриқномалари, дарслик, ўқув қўлланмалари ва бадиий китоблар чоп этиш бўйича 1,5 млрд. сўмликдан ортиқ шартнома имзоланган. 2014 йил собиқ Тошкент ўқув-ишлаб чиқариш комбинати ҳудудига кўчиб ўтган корхонанинг умумий ер майдони 3300 кв. мга тенг бўлиб, шундан 1450 кв. мни бино-иншоотлар эгаллайди. Уларнинг совуқ ва иссиқ сув, табиий газ, замонавий иситиш тизимлари билан таъминлангани, кўп йиллар қаровсиз аҳволда ётган ишлаб чиқариш биноси капитал таъмирдан чиқарилгани бу ерда йил давомида фаолият юритиш имконини беради.Ўтган йилнинг 9 ойи мобайнида йиллик режани 174 фоизга уддалаган ЎИЧКда меҳнатчиларга ўртача 650 – 800 минг сўм атрофида иш ҳақи тўланмоқда. Бўш турган жойларни банд этган тадбиркорлар ижара маблағлари ҳисобидан йилига 40 млн. сўм қўшимча даромад олинади. Тегишли ташкилотлар учун белгиланган ажратмалардан ташқари, маҳсулот тайёрлаш ҳажмига боғлиқ равишда 120 – 160 млн. сўм банк кредити тўланади.

Корхона маъмурияти томонидан ишчи-хизматчиларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, зарур меҳнат ва дам олиш шароитларини яратишга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, касаба уюшмаси кўмагида ҳар йили ёз мавсумида “Чинобод”, “Ботаника”, “Чимён”, “Чортоқ” каби сиҳатгоҳларга 4, болалар оромгоҳига 2 та имтиёзли йўлланма ажратилади. Турли байрамлар муносабати билан тўкин дастурхон ёзилиб, ишчиларга пул мукофоти ва озиқ-овқат маҳсулотлари улашилади. Шунингдек, улар учун бепул тушлик ташкил этилган.  

2018 йил корхона фаолиятини кенгайтиришга қаратилган уч босқичли модернизация тадбирлари доирасида “Ўзсаноатқурилиш” банкидан олинган 4 млрд. сўм кредит эвазига Хитойдан саҳифаларни буклаш, қоғоз ва елим халталарга турли ёрлиқлар босиш, дафтар тикиш, қаттиқ муқова, қолип ва қутилар тайёрлашда қўлланувчи, зарҳал ҳарфларда, 4 хил рангда чоп этувчи автоматлаштирилган дастгоҳлар, соатига 2000 та китобни елимловчи термоклей,   қоғоз кесиш, қатлаш, саҳифалаш ҳамда муқоваларни ипда тикиш вазифасини бажарувчи 11 та замонавий ва тежамкор ускуна олиб келинди.Илгари 5000 нусхали китобнинг рангли муқовасини босиш учун бир кун вақт сарфланган бўлса, ҳозирда бу ишни ярим соатда уддалаш мумкин. Шу йили 100 млн. сўм маблағ сарфи эвазига иш унумдорлиги юқори мазкур матбаа технологиялари учун янги ишлаб чиқариш биноси қуриб битказилди.Айтиш жоиз, кўзи ожизлар картон қутиларни тахлаш, елимлаш, китоб тикиш каби ишларни бажаришда қатнашади. Уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида иш жараёнида қўл меҳнатидан фойдаланилиши маҳсулот таннархи қимматлашишига сабаб бўлмоқда.

Юртимизда 1500 дан ортиқ босмахона фаолият юритаётган бугунги кунда матбаа соҳасида кучли рақобат муҳити шаклланган. Ш. Ҳошимовнинг билдиришича, ЎИЧКни комплектлашган, рақобатбардош, замонавий нашриёт-матбаа корхонасига айлантириш учун яна 25 млрд. сўмлик 20 та дастгоҳ зарур. Шу боис модернизация жараёнининг иккинчи босқичида 10, учинчисида 15 млрд. сўмлик замон талабларига мос компьютерлаштирилган, самарадор чоп этиш ускуналарини харид қилиш, шу орқали 30 та янги иш ўрни ташкил этиш режалаштирилган. Ногиронлар жамиятлари ишлаб чиқараётган маҳсулотларни сотиб олиш юзасидан давлат харидлари амалга оширилган тақдирда иш ўринларининг янада кўпайишига эришилган бўларди. Ҳозирда ЎИЧКнинг 500 кв. м майдонида келтирилувчи янги дастгоҳларни ўрнатиш учун иншоотлар қуриш ишлари олиб бориляпти. Бошқа корхоналарда ҳам шунга ўхшаш модернизация тадбирлари, замон талаби даражасида бозорбоп маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйиш ҳаракатлари ижроси таъминланиши тизимда иқтисодий барқарорликни юзага келтиради.  

ЎзКОЖ МБнинг 2018 йил26 декабрдаги фармойишига мувофиқ жамият тасарруфидаги меҳмонхона биноси ва атрофидаги ер майдонлари муддатсиз фойдаланиш учун ҳамда туризм хизматларини ташкил этиш мақсадида 2019 йилнинг 1 январидан эътиборан “Дизайн-Принт” ЎИЧК МЧЖ ихтиёрига ўтказилди. Ўтган асрнинг 70-йилларида қурилган 2 қаватли меҳмонхона ҳозирда ўта таъмирталаб. 4 йил аввал жорий таъмирланган мазкур иншоотнинг электр, канализация, иситиш тармоқлари фойдаланишга яроқсиз ҳолга келиб қолган. Эндиликда тадбиркорлик тузилмалари молиявий қўллаб-қувватлови асосида меҳмонхона капитал таъмирланиши баробарида замонавий меъморий ечимлар билан ҳам бойитилиб, унинг ҳудудида барпо этилаётган ошхона, озиқ-овқат маҳсулотлари сақланувчи омборхона, кир ювиш, қуритиш, дазмоллашга мўлжалланган бир қаватли иншоот “Kliver Dizijen” ҳамда “Ma’murnроjekt” МЧЖлари томонидан лойиҳалаштирилди. Умумий қиймати 2 млрд. 700 млн. сўмга тенг қурилиш-таъмирлаш ишлари инвестор? “Чилонзор пласт” МЧЖ ҳамда “Грант классик пласт” қурилиш фирмаси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Ҳозирча 500 млн. сўмлик бунёдкорлик ишлари бажарилиб, меҳмонхона биносининг 1400 кв. мга тенг том қисми, шунингдек, канализация, электр тизими тўлиқ янгиланди. Мутлақо янгича услубда қайта таъмирдан чиқарилган ҳар бир хона замонавий телевизор, кондиционер, бошқа зарур инвентарлар билан жиҳозланди. Жамият тадбирларини ўтказиш учун 85 ўринли банкет зали, нафақат меҳмонлар, балки жамоатчиликка ҳам хизмат қилувчи 200 ўринли ошхона қурилиши жадал суръатда олиб борилмоқда. Бунёдкорлик жараёнипоёнига етгач, корхона томонидан меҳмонхона хизмати ва тадбиркорлик фаолияти орқали топилган даромаддан энг кам ойлик иш ҳақининг 85 баробари миқдоридаги маблағ МБ ҳисоб рақамига ойма-ой ўтказиб борилади. Сўзимиз сўнгида соҳада эътиборли натижаларга эришиш билан илғорликни қўлдан бермай келаётган “Дизайн-Принт” ЎИЧК МЧЖ жамоасининг корхона истиқболига дахлдор вазифаларни муваффақиятли тарзда амалга оширишига тилакдошмиз.

Қудрат ОЧИЛОВ.

 

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш