БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

МЕЪЁРИЙ ТАЛАБЛАР НЕЧОҒЛИ АМАЛДА?

Сўнгги йилларда эл-юрт фаровонлигини таъминлаш мақсадида сиёсий, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширишга доир муҳим чора-тадбирларни ўз ичига олган кўплаб меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, амалиётга татбиқ этилмоқда. Хусусан, ногиронлар учун умумжамиятда инклюзив шароит яратиш, уларнинг таълим, бандлик, ахборот технологияларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, уй-жой ва маиший шароитларини яхшилаш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларга хизмат кўрсатувчи давлат ва нодавлат ташкилотлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган 10 дан зиёд президент фармонлари ва ҳукумат қароралари долзарблиги, вазифалар қамровининг кенглиги билан алоҳида ўрин тутади. Хўш, ушбу меъёрий ҳужжатларда белгиланган чора-тадбирлар амалиётда нечоғли ўз аксини топмоқда, бу борада тегишли давлат ва жамият тузилмалари олдида турган вазифалар нималардан иборат? Ногиронлар масалаларига тегишли ҳукумат қарорлари ижроси, мавжуд муаммолар, истиқболдаги режалар хусусида ЎзКОЖ МБ раиси Эргаш Норпўлатов қуйидаги мулоҳазаларни билдирди:

 – Мустақилликнинг чорак асри мобайнида ногиронлар манфаатига доир қонун ва қарорлар тегишли жамоат бирлашмалари, жамоатчилик вакиллари жалб қилинмаган ҳолда айрим вазирлик ва идоралар хулосаларигагина таяниб ишлаб чиқилгани сир эмас. Ҳозирда деярли барча ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари халқ эътиборига ҳавола қилиниб, дахлдор тузилмалар таклифлари ҳамда омма муносабати инобатга олинган ҳолда қабул қилинаётгани ҳукуматнинг инсонпарварлик сиёсати юритаётганидан дарак беради. ЎзР Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5270-фармони ана шу ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир. Ушбу фармон билан тасдиқланган 51 банддан иборат чора-тадбирлар дастурида ижтимоий реабилитациянинг барча йўналишларида йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар ечимига қаратилган устувор вазифалар ўз ифодасини топган. Аммо шу кунга қадар уларнинг аксарияти ижросига киришилмаётгани, бажарилган айрим ишларнинг натижадорлиги у қадар сезилмаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Жумладан, дастурда белгиланган умумтаълим мактаблари негизида катта ёшли кўзи ожизлар учун брайль ёзуви саводхонлигини ўргатишга ихтисослашган ўқув курсларини ташкил этиш юзасидан ЎзКОЖ масъуллари иштирокида тегишли низом лойиҳаси ишлаб чиқилган, айни ҳужжат Халқ таълими вазирлиги орқали Вазирлар Маҳкамасига йўлланган бўлса-да, унинг тасдиқланишини сўраб МБ раҳбарияти томонидан қилинган мурожаатлар жавобсиз қолмоқда. Шунингдек, Фармонда “Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниши кўзда тутилган бўлиб, ногиронлар жамиятлари таклифлари асосида бойитилган, сўнгги даврда имзоланган қатор меъёрий ҳужжатларда назарда тутилган талаблар қамраб олинган ушбу қонун лойиҳаси жорий йил Сенат томонидан маъқулланиши кутилмоқда.

Ҳозирда амалда бўлган “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунда асосан тиббий реабилитация тадбирларига урғу берилиб, ижтимоий соҳага доир вазифалар эътибордан четда қолгани маълум. Янги қонун лойиҳаси ногиронлар учун тўсиқларсиз муҳит яратишга доир амалий саъй-ҳаракатлар мажмуини ўз ичига олган. Ушбу қонун ва президент фармонида белгиланган вазифалар беками-кўст бажарилиши юртимизда БМТнинг “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Халқаро Конвенцияси ратификация қилинишига замин яратиши шубҳасиз. Аммо юқоридаги дастурда назарда тутилган кўзи ожизлар учун ўзбек тилидаги овозли компьютер иловаларини яратиш, шаҳар жамоат транспорти ва автобус бекатларида зарур аудиоқурилмалар ўрнатиш каби кўплаб мақсадлар рўёби молиявий ресурслар ва мутахассислар тақчиллиги боис суст кечмоқда. Умуман, меъёрий ҳужжатларда белгиланган кенг қамровли вазифалар қатор вазирлик ва идоралар ваколатига кириши сабабли муаммоларни тўлақонли ҳал қилиш имкони чекланар экан, ногиронлар ва уларнинг жамоат бирлашмалари масалалари билан бевосита шуғулланувчи алоҳида вазирлик фаолиятини йўлга қўйишга зарурат туғилади.

2018 йилдан буён президент фармони асосида ногиронлар олий ўқув юртларига киришда 2 фоизли квота имтиёзидан фойдаланиб келаётган бўлса-да, лекин уларнинг сифатли таълим олиши йўлида махсус ахборот технологиялари, брайль ёзувидаги ва аудио шаклидаги ўқув материаллари таъминоти борасида бирор амалий саъй-ҳаракат кўзга ташланмайди. Олий таълим даргоҳларида кўзи ожизларнинг мустақил ҳаракатланиши учун шароит яратилмагани ҳам оғриқли муаммолардан биридир. Кўп ҳолларда уй-жой ва ижтимоий объектларни қуришда ногирон кишининг ҳаракатланишидаги чекловлар ҳисобга олинмаётганидан-да кўз юмиб бўлмайди. Шунга кўра, юқоридаги қонун лойиҳасига барча соҳаларда ишни универсаллик тамойили асосида ташкил этишга доир бандлар киритилган.

Хабарингиз бор, 2018 йил ЎзР Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида ногиронларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилган эди. Унинг молиявий асоси имконияти чекланган кишиларни квота асосида ишга жойлаштиришдан бош тортган юридик шахсларга солинадиган жариманинг 10 фоизи миқдоридаги маблағлар ҳисобидан шакллантирилиши белгиланган. 2018 йилда бор-йўғи иккита ҳудуддаги хўжалик юритувчи субъектлардан ундирилган тушум ҳатто бир кишининг кундалик эҳтиёжини қондиришга етмаслиги айтилади. Ваҳоланки, тегишли низомда жамғарма маблағлари ногиронларнинг жамоат ташкилотларини моддий жиҳатдан рағбатлантириш, улар тасарруфидаги корхоналарнинг реабилитация воситалари ишлаб чиқаришга йўналтирилган кредитларини қоплаш, жисмоний нуқсонга эга шахсларнинг бандлигига кўмаклашиш мақсадларига сарфланиши назарда тутилган.

Ижроси кечиктириб келинаётган долзарб вазифалардан яна бири юртимизда замонавий реабилитация воситалари ишлаб чиқаришга ихтисослашган хўжалик субъектлари фаолияти йўлга қўйилмаётгани билан боғлиқ. Ўтган асрнинг 80-йилларида шакллантирилган рўйхат асосида айрим корхоналарда тайёрланаётган муайян турдаги реабилитация ашёлари эса бугунги кун эҳтиёжини умуман қондирмайди. Кўзи ожизлар учун махсус йиғма ҳассалар ишлаб чиқарилмаётгани оқибатида кўп ҳолларда давлат томонидан уларга ҳаракатланиш аъзоларида нуқсони бўлган шахсларга мўлжалланган таянч ҳассалар тарқатилаётганига гувоҳ бўламиз. Реабилитация воситалари рўйхатини бугуннинг талабидан келиб чиқиб янгидан шакллантириш ва бу борада ишлаб чиқариш жараёнини босқичма-босқич ташкил этиш юзасидан МБ томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига амалий таклифлар киритилганига қарамай, шу пайтга қадар айни соҳа истиқболига доир бирон-бир лойиҳа ишлаб чиқилгани ёки тадбиркорлик субъектларида муайян тифловоситалар тайёрлашга киришилгани йўқ.

ЎзР Президентининг 2018 йил 11 майдаги ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлашнинг ташкилий чора-тадбирлари жамланган 3782-сонли қарори ногиронлар жамоат бирлашмалари томонидан катта умидлар билан қарши олинди. Ушбу қарор доирасида 2018 йилнинг сентябрь-октябрь ойларида республика бош прокуратураси бошчилигидаги ҳукумат комиссияси томонидан тизимимизга қарашли ЎИЧК ва шўъба корхоналар фаолияти устидан ўтказилган текширув хулосаси ва ЎзКОЖ МБ таклифлари асосида хўжалик субъектларини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга оид йўл харитаси ишлаб чиқилиб, ЎзР Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилган. Унда жамият таркибидаги корхоналарда қурилиш-таъмирлаш, модернизация ишларини олиб бориш, кўзи ожизларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш, турли имтиёз ва преференциялар жорий этиш белгиланган. Айни мақсадларни амалга оширишда давлат бюджети ва донор ташкилотлар маблағларини жалб қилиш кўзда тутилганди. Тўғри, корхоналар тадбиркорлик субъекти сифатида ўз-ўзини маблағ билан таъминлаши зарур. Ногиронлар жамиятлари ўз аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш, меҳнатда бандлигини таъминлашдек давлат зиммасидаги мажбуриятларни адо этиб келаётгани боис йўл хариталарини давлат субсидиялари орқали молиялаштириш таклифи илгари сурилган. Республика Молия вазирлиги ушбу таклифни қўллаб-қувватламагани баробарида мазкур режавий дастур ҳали-ҳануз Вазирлар Маҳкамаси тасдиғидан ўтмаяпти. Қарор доирасида фақат МБ томонидан берилган таклиф асосида ишчи-хизматчиларининг 50 фоизи ногиронлиги бўлган шахслардан ташкил топган корхона, ташкилот ва муассасалар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш фонди учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 4,7 фоиз миқдорида белгиланиши ва унинг суммаси ўрнатилган тартибда тақсимланишига оид меъёр фаолиятда ўз инъикосини топмоқда.

Одатда ногиронлар масалаларига доир меъёрий ҳужжатлар лойиҳаларини зарур таклифлар билан бойитиш мақсадида улар дастлаб тегишли жамоат ташкилотлари ҳукмига ҳавола этилади. Аммо бугунги кун талабига кўра, ҳар бир шахс ижтимоий тармоқлар орқали қонун, қарор ва фармонлар муҳокамаси жараёнида илғор ғоя ва ташаббуслари билан фаол қатнашиши лозим. Афсуски, ЎзР Президентининг 2018 йил 4 майдаги “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5430-қарори лойиҳаси муҳокамасида иштирок этилмагани боис ЎзКОЖ вакиллари Ногиронлар Ассоциацияси қошида тузилган ННТлар масалалари билан шуғулланувчи комиссия таркибига киритилмаган. Айни пайтда жамият масъулларининг якдил саъй-ҳаракатлари асосида қабул қилинган ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 сентябрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 739-қарори соҳадаги ишларни тартибга солишда муҳим аҳамият касб этди. Унинг ижросига келсак, ўтган 1,5 йил давомида деярли ҳар бир ҳудудда туман (шаҳар) кўзи ожизлар кутубхоналари ташкил этилди. Республика Марказий кўзи ожизлар кутубхонаси қошида очилган мини-босмахонада нашр этилган 10 дан зиёд номдаги брайлча бадиий адабиётлар тармоқ муассасаларига етказиб берилмоқда. Молия вазирлиги маблағ ажратмагани туфайли 2019 йил режасига киритилган Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Навоий вилоят кутубхоналари учун янги бино қуриш ишлари амалга оширилмади. Шунингдек, айрим зиё масканлари қошида мини-босмахона ташкил этиш масаласи пайсалга солинаётгани ҳам молиявий етишмовчиликка бориб тақалади.

Президентимизнинг 2019 йил 23 августдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 4423-қарори ногиронлар жамиятларида иқтисодий барқарор муҳитни шакллантириш ва жисмоний имконияти чекланган шахслар бандлик даражасини оширишга қаратилгани билан долзарб аҳамиятга эга.  Унинг ижроси бўйича кутилаётган натижалар хусусида тўхталадиган бўлсак, аввало, қарорда тегишли ННТларга қарашли ЎИЧК МЧЖлар учун муайян шартлар асосида солиқ имтиёзлари қўллаш, маҳсулотлар реализациясини давлат хариди асосида амалга ошириш назарда тутилган. Маълумки, жамият корхоналари узоқ йиллар давомида барча турдаги солиқлар юкидан озод бўлиб келган. 2019 йил қонунчиликка киритилган талабларга мувофиқ 1 млрд. сўмдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарган ЎИЧКларга қўшилган қиймат, мол-мулк, ер ва бошқа солиқларни тўлаш мажбурияти юкланиши натижасида улар қатор қийинчиликлар исканжасида қолди. Қарорда солиқ имтиёзлари 3 та шарт асосида, яъни ишловчиларнинг 50 фоизи ногиронлиги бўлган шахслар ҳиссасига тўғри келган, уларга тўланадиган ойлик маош миқдори умумий иш ҳақи фондининг 50 фоизига тенг суммани ташкил этган ҳамда мол-мулк ногиронлар жамоат бирлашмаларига қарашли бўлган корхоналар учун қўлланиши қайд қилинган. Тизимдаги айрим раҳбар ходимларда ногиронлар сони ва меҳнатдаги улуши камлиги эътиборидан уларга ойлик иш ҳақи фондининг 50 фоизга тенг қисми тўланиши эътирозлар уйғотиши мумкин. Яқин ўтмишда корхоналарда ишловчиларнинг 60 – 70 фоизини ногиронлар ташкил этгани боис уларга тўланган ойлик маош миқдори соғломларникига қараганда анча юқори бўлган. ЎзР Молия вазирлиги ва Солиқ қўмитасининг мониторинг хулосасига кўра, бугунги кунда ЎзКОЖ корхоналарида ишловчиларнинг атиги 10 – 15 фоизи кўриш бўйича ногиронлар ҳисобланиб, уларга ўта кам суммада иш ҳақи тўланмоқда. Аслида жамиятнинг асосий мақсад-вазифаларидан бири кўзи ожизларни ишга жойлаштириш ва улар меҳнатини соғломларникидан кам бўлмаган даражада моддий рағбатлантиришдан иборат. Шундан келиб чиқиб, эндиликда ЎИЧКларда кўзи ожиз ишчи-ходимлар сонини ошириш, иш ҳақи, ажратмалар, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни либераллаштириш, яъни бу борадаги фаолиятни пухта ишлаб чиқилган механизм асосида юритиш мақсадга мувофиқдир.

Мазкур қарорга биноан 2020 йил 1 январдан эътиборан ногиронлар жамоат бирлашмаларига қарашли корхоналар учун ер солиғи жорий қилиниб, унинг ставкаси 90 фоиз этиб белгиланди. Буни амалдаги қонунчиликда барча турдаги турар-нотурар жойлар учун ер солиғи мажбурий тўлов сифатида қайд этилгани, ушбу йиллик тўлов амалга оширилмаган тақдирда объект бўш турган ер майдони сифатида тўғридан-тўғри давлат ихтиёрига ўтказилишига оид қатъий қоида белгилангани билан изоҳлаш мумкин. 2019 йил 5 декабрда қабул қилинган Президентнинг “Давлат харидлари тизимини янада такомиллаштириш ва давлат харидлари жараёнига тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 4544-қарорида жамият корхоналари маҳсулотлари давлат ташкилотларига тўғридан-тўғри шартнома асосида сотилиши, бунинг учун улар сифати ўрнатилган стандартлар талабларига жавоб бериши лозимлиги қатъий белгиланган. Хулоса ўрнида айтиш жоизки, ногиронларга тегишли ҳукумат ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлари ижросини таъминлаш йўлида ЎзКОЖ раҳбарияти-ю фаоллари, умуман, унинг ҳар бир аъзоси қатъий интилиш ва ҳаракатни намоён этган ҳолда тизим ривожига муносиб улуш қўшиши давр талабидир.

Икром РАЖАБОВ.                                                                                                                                                                                                                                                                                                                            

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш