БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

Истиқлолнинг ҳар бир қутлуғ санаси арафасида турли жабҳалардаги фидокорона меҳнати, ватанимиз тараққиёти йўлида амалга ошираётган эзгу ишлари учун бир қатор юртдошларимизни давлатимизнинг фахрий унвонлари билан мукофотлаш хайрли анъанага айланган. Республикамиз мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан ушбу анъана давомийлик касб этиб, мукофот эгаларининг сафи янада кенгайди. Қувонарлиси, улар орасида таълим, маданият, санъат соҳаларидаги самарали фаолияти, ўзининг ёрқин истеъдоди, сермаҳсул ижоди, мустақиллигимиз заминини мустаҳкамлашга қўшган баракали ҳиссаси-ю жамоат ишларидаги фаол иштироки билан юксак унвонларга лойиқ кўрилган сафдошларимиз ҳам бор. Айни тақдирлаш воқелиги, табиийки, юрт равнақи, ёш авлод камолотини мақсад қилган ҳолда олиб борилган амалий саъй-ҳаракатлар, кишиларга улашилаётган маърифату эзгуликлар муносиб баҳога эришганининг ёрқин ифодасидир.

Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти миллий қўшиқчилик кафедраси доценти, Ўзбекистон халқ ҳофизи Оролмирзо Сафаров ижодий ва педагогик фаолиятда қўлга киритган ютуқларининг юксак эътирофи сифатида ҳукуматимиз томонидан “Дўстлик” ордени билан мукофотланди. Дарддошларимиз орасида орден нишондорларининг сони ортиши уларнинг шижоату матонат-ла йўғрилган меҳнати давлат даражасида эътибор юксакликларига кўтарилаётганидан далолатдир. Қорақалпоғистон Республикаси Кўзи ожизлар кутубхонаси раҳбари Алима Ахетова ҳам жамият аъзоларини илму маърифатга ошно этишда алоҳида жонбозлик кўрсатгани учун “Дўстлик” орденига сазовор бўлди. ЎзКОЖ Қорақалпоғистон РБ етакчиси, жамият фидойиси Қувват Шароповнинг ҳалол меҳнатлари эса республика Жўқорғи Кенгеси қарорига асосан “Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони билан шарафланди. Яна бир қувонарли ҳолат хушовоз хонанда, Урганч ихтисослаштирилган санъат мактабининг анъанавий вокал бўлими ўқитувчиси Очилбек Матчонов “Шуҳрат” медали соҳиблигига эришганидир. Биз мукофот эгаларини давлатимизнинг юксак эътибори ва ўзига хос истиқлол туҳфаларига муносиб кўрилгани билан барча журналхонлар номидан чин қалбдан самимий муборакбод этамиз! Уларнинг келгуси фаолияти-ю ижодига равнақ ва баркамоллик тилаган ҳолда эзгу саъй-ҳаракатлари ҳамиша шундай рағбату эътирофларга ноил бўлишига тилакдошмиз. Сиз азиз юртдошларимизга яна бир карра мукофотлар қутлуғ ва хайрли бўлсин!

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш