Болалик – инсон умрининг бениҳоят гўзал ва беғубор даври. Аслида умрнингэнг бахтли  бекати ҳам болаликдир.

              Қадрдонлар! Ўзларининг ажабтовур саволлари билан ҳайратга солаётган фаришта болажоннинг кўзларига бир қаранг. Бу теран нигоҳлар ёлғон, таъқиб ва ғазабдан мутлақо бегона. Таъкидлаш жоизки, юртимизда ёш авлоднинг ҳар томонлама соғлом камол топиши йўлида давлатимиз томонидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.  “Болажон” давлат дастурининг қабул қилиниши, “Мактабгача таълим вазирлиги”нинг ташкил этилиши бу фикрларимизнинг яққол исботидир. Албатта, бугунги кунда мактабгача таълимни ривожлантириш тамойили муҳтарам президентимиз раҳнамолигида давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Қувонарлиси, турдош муассасаларда кузатилгани каби, кўриш имконияти чекланган болаларга ихтисослаштирилган айни тоифа таълим масканлари тарбияланувчиларига ҳам кўплаб қулайликлар яратилмоқда.  Ана шундай масканлардан бири Бухородаги 57-сонли мактабгача таълим муассасасидир. Унда жами 50 нафар кўришда нуқсони бор болалар бепул тарбияланмоқда. Бугунги кунда ушбу таълим масканида 2 нафар  тарбиячи ҳамда  3 нафар дефектолог мутахассислар фаолият юритмоқдалар. Шунингдек, олий маълумотли офтальмолог ҳамда ҳамширалар томонидан болаларнинг кўриш қобилияти даражалари назорат қилиб борилмоқда. Улар томонидан олиб борилаётган кўришда нуқсони бўлган болалар билан коррекцион –педагогик машғулотлар ёрдамида бир қанча ютуқларга эришилмоқда. Буларга олий маълумотли тифлопедагог, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси Салахидинова Ҳалима Алойдиновна  раҳбарлик қилиб келмоқда.

               Руҳшунослар олиб борган  психологик тадқиқот  натижаларига кўра, бола миясининг ўнг ости қатлами 5 ёшгача бўлган даврда меҳр гормонига тўйинса, у ҳаётидаги қийинчиликларни енгиб ўтишга қийналмас экан. Шундай экан болаларимизга улар истаганданда кўпроқ меҳр улашайлик.

 Юлдуз Каримова.