Бугунги кунда Юртдошларимиз орасида эл дарди билан ёниб яшаётган, эзгулик, садоқатда устувор турган инсонлар кўплаб топилади. Биз қуйида ана шундай замондошларимиздан бири – ЎзКОЖ Самарқанд шаҳар бўлинмаси раиси Қўзибой Данобоев ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.

 Қ. Данобоев 1969 йилнинг 5 майида Жиззах вилояти, Бахмал тумани “Мўғол” қишлоғида чўпон оиласида туғилди. У 1974 йилдан 1977 йилгача Самарқанд шаҳридаги 60-сонли заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида таълим олди. 1977-1988 йиллар оралиғида мазкур вилоятдаги 59-сонли кўзи ожиз болалар махсус мактаб-интернатида ўқишини давом эттирди. мактабни тугатгач турли русумдаги чёткаларнинг қилини кесувчи станок фабрикасида, капрон цехида меҳнат фаолиятини олиб борди. Кейинчалик, яъни 2000-2016 йилларда “Даракчи” газетасининг нашриёт уйида тахловчи вазифасида ишлади. 2016 йилнинг 5 апрель кунида Самарқанд шаҳар кўзи ожизлар жамияти сайловида Қ. Данобоев халқ ишончини қозониб, бўлинма раиси этиб сайланди. Ҳозирги кунда унинг ҳаракати билан ушбу ҳудудда ЎзКОЖ Самарқанд шаҳар бўлинмасининг 7 хоналик идораси барпо этилган. Унда раҳбарият хоналари билан бирга маънавият хонаси ҳам мавжуд. Маънавият хонасида тақдирдошларимизнинг ҳордиқ чиқариши, турли мусобақалар ўтказишлари учун етарли шароитлар бор. Бинонинг бошқа хоналари ижарага берилган. Раҳбарият ташаббуси билан идорага канализация, водопровод, газ қувурлари ўтказилган.

Қ. Данобоев ҳар йили шаҳар ҳокимияти билан ҳамкорликда жамиятдошларимиз ўртасида шашка-шахмат мусобақалари, бадиий ҳаваскорларнинг турли танловларини ташкил этиб келади. Булардан ташқари, кўзи ожизлар учун шаҳримиздаги муқаддас зиёратгоҳларга, шаҳар ташқарисидаги сўлим табиат гўшаларига уюштириладиган саёҳатларда ҳам унинг ҳиссаси катта. Қаҳрамонимиз нафақат фидойи раҳбар, балки меҳрибон оила бошлиғи ҳамдир. У ҳозирда турмуш ўртоғи Манзура опа билан 4 нафар фарзанднинг ота-онаси, беш набиранинг севимли бувиси ва буважонларидир.

         Юртбошимиз Ш. Мирзиёев “Халқимизнинг буюк келажагини олийжаноб ва мард кишилар билан қурамиз” номли китобида таъкидлаганларидек, “Мардликни, ҳалолликни ўзига касб қилган инсоннинг доимо рисқи бутун, қўли устун, меҳнати ҳалол, уйқусида ҳам, ейишида ҳам роҳат-фароғат бўлади. Фарзандларининг келажагини, эл ор-у номусини ўйлаган кишини тангри ҳам ёрлақайди”. Сўзимиз интиҳосида  Қ. Данобоевга баркамоллик, ишларига ривож, хонадонига файзу-барокат тилаймиз.

Абдулҳамид Абдуманнонов.