БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

Аёл, муаттар ифорли атиргулга ўхшайди. Унинг қалби кенгликда уммон, чексизликда осмон кабидир. Аллоҳ яратган мўъжизалар ичра энг синоатлиси ва шижоатлиси ҳам аёл ҳисобланади. Истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ мамлакатимизда аёлларнинг жамиятдаги мавқеини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб келинади. Сўнгги йилларда бу борада тизимимизда ҳам қатор ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, ЎзКОЖ Тошкент ВБ ташаббуси билан халқаро хотин-қизлар кунига бағишлаб “Аёл борки, олам мунаввар!” деб номланган кўрик-танлов ўтказилди. Кўриш имконияти чекланган қизларнинг маънавий салоҳияти, уй-рўзғор ишларидаги кўникма ва малакаларини синовдан ўтказиш, шунингдек, ижодий қобилиятларини намойиш этишга кенг имкон яратиш каби мақсадларга қаратилган мазкур беллашувда Тошкент вилоятининг 5 нафар энг фаол вакилалари қатнашди. Беллашувни Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Тошкент вилоят бўлими вакили Ж. Нажимов бошчилигидаги ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.

Ушбу танлов “Таништирув ва табрик”, “Савол-жавоб”, “Хиргойи”, “Рўзғор мактаби”, “Эркин мавзу” каби шартлардан иборат бўлиб, ҳар бир иштирокчи ўз иқтидорига қараб турли номинациялар бўйича тақдирланди. Жумладан, Оҳангарон туманидан иштирок этган, ҳозирда Ўзбекистон Миллий Университети тарих факультети талабаси З. Тоирова “Эркин мавзу” шартига кўра “энг зукко қиз” деб топилган бўлса, бўкалик С. Бердиқулова бетакрор рақси билан “энг нафосатли қиз” номинациясида ғолиб сифатида эътироф этилди. “Рўзғор мактаби” шартидаги фаоллиги учун Олмалиқ шаҳри вакиласи Л. Мусобоева “энг пазанда қиз”, Зангиота туманидан ташриф буюрган, ўзининг гўзал сатрлари билан йиғилганлар меҳрини қозонган Г. Отажонова “энг иқтидорли қиз” номинацияларида биринчиликни қўлга киритди. Белгиланган барча шартлардан муваффақиятли ўтиб, юқори натижа кўрсатган Паркент туман 17-сонли умумтаълим мактаби инглиз тили ўқитувчиси Д. Муслимова беллашувнинг мутлоқ ғолибаси сифатида “танлов маликаси” номинациясига муносиб кўрилди. Кўрик-танлов якунида ғолиб ва совриндорларга тадбир ташкилотчилари ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан эсдалик совғалар топширилди.

Дилдора ОҚБЎТАЕВА.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш