БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

УМУМЖАМИЯТГА ЙЎЛ

Қулай имконият, зарур шароитлар билан таъминланган тўсиқсиз муҳит яратиш, транспорт воситалари, турли ижтимоий объектларни мустақил ҳаракатланиши қийин бўлган гуруҳ вакилларига мослаштириш ҳар бир давлатда яшовчи ногиронлиги мавжуд кишилар учун зарурий аҳамиятга молик. Бунинг доирасида айни тоифа инсонларга нисбатан бағрикенг жамиятни қарор топтириш, улар билан ишлаш малакасига эга кадрларни тайёрлаш, қолаверса, имконияти чекланган кишилар меҳнат бозорида талаб катта бўлган касбларни эгаллашига кўмаклашувчи ўқув базасини шакллантириш вазифалари ҳам амалга оширилиши зарур. Айтайлик, оёқ остидаги йўл полотносида бўртма белгилар мавжудлиги олдинда йўлка ёки зиналар борлигидан бизни огоҳлантирса, лифт ёки хоналар рақамлари Брайль ёзувида акс эттирилгани маконда тўғри мўлжал олишимизда ёрдам беради. Шу каби қулайликларни тақдим этиши боис кўплаб компаниялар тўсиқсиз муҳит учун зарур тифловоситаларни яратиш устида изланишлар олиб бормоқда.  

Россиянинг Торжок шаҳрида кўзи ожизлар учун бўртма макетлар ва хариталарни ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи “Вертикаль” компанияси фаолият юритади. Эътиборли жиҳати, унинг Бутунроссия Кўзи Ожизлар Жамияти билан бирон-бир тарзда боғлиқлиги мавжуд эмас. Дастлаб шаҳар маъмуриятининг автобус рақамлари Брайль ёзувида қайд этилган тифложадвалларни тайёрлаш бўйича буюртмасини бажаришга киришган компания ходимлари томонидан техник кўрсатмаларга қатъий амал қилган ҳолда ҳарфлар ва рақамлар бўртма тарзда тасвирланган махсус шакллар ишлаб чиқилди. Ташкилот бош директори Алексей Черепановнинг айтишича, вақт ўтиши билан кўриш ногиронлари фойдаланишида енгиллик туғдирувчи бу каби тифловоситаларни тайёрлаш амалиёти кенг кўлам касб эта борди: “Биздан кўзи ожизлар мактаби директори брайлча жадвалларни ясаб беришимизни сўради. Узоқ ўйлаб ўтирмасдан “Торжок чўтка маҳсулотлари корхонаси” МЧЖ директорининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Ольга Александровнанинг ҳузурига бордим. У менга қандай қилиб бир нечта нуқтадан ҳарфлар яратилиши ва қандай ҳолатларда рақам белгиси ишлатилишини тушунтириб берди. Бир ой ўтгач, мен унга намуна сифатида дастлабки бўртма жадвалларни тақдим этдим. “Ҳаммаси яхши, – деди Ольга Александровна, – фақат сенинг ҳарфларингни бармоқ билан эмас, кафт билан ўқиш керак”. Бундай дейилишига сабаб жадвалларимда брайлча ҳарфнинг бўйи 5 сантиметрга яқин эди. Шундан сўнг биз махсус ёзувдаги адабиётлар яратишда қўлланувчи ҳар бир белги қандай катталикда бўлиши, улар қанча оралиқ масофада жойлашишига доир меъёрларни ўрганиб чиқдик. Кабинетлар номи ва рақамлари кўрсатилган оддий жадвалларни тайёрлаш асносида мен нуқталарни қўлда қўйиб чиқар, айни жараённи автоматлаштириш зарурати кундан-кун ортиб борарди. Натижада биз тифловоситаларни ишлаб чиқишнинг янги усулларини амалиётда жорий этишга киришдик. Ғарбда эса бу борада ҳажми катта бўлмаган, аммо ниҳоятда самарали технологиялардан фойдаланилади. Уларнинг нархи анча-мунча қимматлигидан биз ўзимизда мавжуд дастгоҳларни мослаштиришимиз керак эди. Бугунга келиб  брайлча жадваллар ва схемаларни тўла автоматлаштирилган тарзда ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Дастгоҳни ишга туширишдан аввал мутахассис компьютер мониторида маҳсулот контурларини кўздан кечиради ва зарур ҳолларда унга тузатишлар киритади”.

Компания қошида иш юритувчи тифломарказ музейида харита, меъморий режа ва схемалар намуналари жамланганган бўлиб, мазкур тифломатериалларда асосий ҳаракат йўналишлари ва кабинетлар рақамларидан ташқари мутахассислар исм-шарифи, иш соатларига доир қайдлар ҳам ихчам тарзда акс эттирилган. Шартли белгиларнинг батафсил рўйхати келтирилган нисбатан мураккаброқ жуғрофий хариталарда ёрқин ранглардан фойдаланилгани бирмунча кўриш қобилиятига эга кишилар учун асқотиши шубҳасиз. Машҳур Борисоглеб ибодатхонасининг бўртма меъморий режасида қулайлик учун барча объектлар икки хил ракурсда шарҳлар билан кўрсатилган. Уларни иккала қўл билан бир пайтда ўрганиш орқали ташқи кўринишини тасаввур қилиш осон кечади. Ҳақиқий фотографик съёмкалар асосида ишланган бундай режаларга компьютерда ишлов бериш орқали қўлга сезилмас барча чизиқлар чиқариб ташланади. Бошқа схемаларда бир қадар кўриш қобилиятига эга инсонлар учун ёрқин ранглар хилма-хиллигидан ташқари, ҳар бир Брайль ҳарфи остида унинг йириклаштирилган ясси кўриниши жойлаштирилади. Энг қизиқарли экспонат сифатида овозли мнемосхемани айтиш мумкин. Бўртма режа жойлаштирилган катта пластик юзадаги тугмаларни босишингиз билан аёл кишининг ёқимли овози босма матнни рус ва инглиз тилларида ўқиб беради.

– Бундай мнемосхема Брайль ёзувидан бехабар кишилар учун қулайдир, – деб изоҳ берди А. Черепанов.– Ҳозирда биз радиометкалар яратиш устида ҳам иш олиб боряпмиз. Улар бевосита бинода жойлашиши керакки, махсус билагузук таққан кўзи ожиз одам яқинлашганда тегишли тарзда жавоб қайтаради. Шу тариқа кўзи ожиз қаерда эканлиги ва ёнида қандай объектлар борлиги тўғрисида овозли маълумотга эга бўлади. Радиосигналлар тарқалиш масофасини ҳисоблаб чиқиш мушкул. Қалинлиги ва таркиби бўйича турлича деворлар ортида жойлашган радиометкалар баъзан 3, баъзида 15 метр масофадан туриб ишлай бошлайди. Ҳозир мнемосхеманинг 10-варианти намойиш этиляпти ва бу ҳам охиргиси эмас, эҳтимол. Албатта, хоналарда ҳаракатланиш учун бундай воситаларнинг жойлаштирилиши пол ва деворларда бўртма белгилар бўлишини истисно этмайди.

Бошқа компаниялар билан ҳамкорликда бўртма тўшама тайёрлаш ишлари олиб борилаётгани ихтирочилик фаолиятининг яна бир кўринишидир. Халқаро стандартларга мувофиқ уларда ҳаракат йўналишини кўрсатувчи линиялар ва кўзи ожиз пиёдани олдинда тўсиқ борлигидан огоҳлантирувчи нуқталар акс эттирилади. Тош, пластик ёки резинадан ясалувчи ушбу тўшамалар етарли даражада мустаҳкам бўлмаганидан ҳозирги пайтда уларни зангламайдиган пўлатдан ишлаб чиқариш ҳаракатлари қизғин тус олди. Янги плиткалар никелланган ёки ялтирамайдиган бўлиши билан бирга интерьерга ҳам мос тушади.  

Цехлардан бирида ўзига хос андоза (пресс-форма) ясашга мўлжалланган, юпқа пластик листни қизитувчи ва совитувчи дастгоҳда нарса ва жонзотларнинг бўртма тасвирларини ҳосил қилиш мумкин. Қисқа вақт ичида бундай тасвирлардан бир неча юзтасини ясаш имкони мавжуд. Бу ерда нафақат кўзи ожизларнинг фойдаланишларида қулайлик яратувчи, балки буюртмачилар талабларини қондирувчи тифловоситалар ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган. Яқинда компания Сокольникида ўтказилган тифломатериаллар экспозициясида ўз маҳсулотларини намойиш этди. Шунингдек, ташкилот мутасаддилари соҳага тегишли масалалар муҳокама қилинувчи умумроссия форумларида иштирок этадилар. Айтайлик, Сочи шаҳрида бўлиб ўтган форумда илк бор бўртма тўшамаларни тайёрлашда қўлланувчи давлат стандартларини ислоҳ этиш муаммоси илгари сурилди. Йўлкаларда бўртма белгилар мавжудлиги аравачада ҳаракатланувчи кишилар учун жиддий қийинчиликларни келтириб чиқариши маълум. Шу боис улар айни аломатлар баландлигини камайтириш, керак бўлса, белгиларни мутлақо олиб ташлашни таклиф қиладилар. “Реакомп” вакиллари эса аксинча, бўртма белгилар сони ва баландлигини ошириш истагини билдирдилар. Нима бўлганда ҳам шу ва бошқа муаммолар ҳамжиҳатлик асосида ҳал қилиниши лозимки, бундан мурод имконияти чекланган кишилар учун уларнинг тўсиқсиз ҳаракатланиши, қулай шароитларда ҳаёт кечиришини таъминловчи муҳит яратишдир.  

Елена ФЕДОСЕЕВА.

“Наша жизнь” журналидан

Зебо БОБОЕВА таржимаси.

 

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш