БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

ИЖОДИЙ ТАНЛОВГА ЧОРЛАЙМИЗ!

Азиз муштарийлар! Барчангизга маълумки, 2017 йил Ўзбекистон Кўзи Ожизлар Жамияти 85, унинг ягона нашри ҳисобланган “Бир сафда” журнали 60 ёшни қаршилайди. Шу муносабат билан қалби ижод завқига тўлган жамиятдошлар ичидан ўткир қалам, ёрқин истеъдод эгаларини аниқлаш, уларни моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида “Бир сафда” журнали таҳририяти томонидан кўзи ожиз ижодкорлар ўртасида публицистика (мақола, лавҳа, очерк), наср (ҳикоя, ҳажвия, бадиа), назм (шеър) йўналишлари бўйича ижодий танлов ўтказилади.

Танловга тақдим этилажак материалларда долзарб мавзулар таҳлилий йўсинда қаламга олиниши, уларнинг мазмуни теран, ғоявий кўлами кенг,   бадиий савияси етук бўлиши талаб этилади. Шунингдек, ушбу ижод намуналари илгари матбуот саҳифаларида эълон қилинмаган бўлиши лозим. Танловга йўлланган барча ижодий ишлар ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланади ва энг яхши деб топилганлари журналимиз ҳамда веб-сайтимиз саҳифаларида чоп этилади. Ғолиблар танлов якунида эълон қилиниб, тегишли даражадаги диплом ва пул мукофотлари билан тақдирланадилар.

Сиз ижод намуналарингизни 2017 йилнинг 1 июлига қадар муҳаририятимизга йўллашингиз мумкин. Уларни юбораётганда исм-шарифингиз, иш жойингиз ёки ўқув муассасангиз ва яшаш манзилингизни аниқ кўрсатишни ҳамда “Ижодий танловга” деб ёзишни унутманг. Таҳририятимиз манзили, факс, телефон рақамлари ва электрон манзилини журналимиз муқовасидан билиб олишингиз мумкин. Марҳамат, ижодий танловда фаол иштирок этинг ва ғолиблар сафидан муносиб жой эгалланг!

 

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш