БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

ВОЛЬТЕР(ФРАНСУА-МАРИ АРУЭ)

(1694 – 1778)

         Франциялик файласуф Франсуа-Мари Аруэ (Вольтер унинг тахаллуси) нотариус оиласида дунёга келди. У 5 ёшидан бошлаб шеърлар машқ қилди. Коллежда ўқиб юрган чоғларида билимларни яхши ўзлаштиргани учун мукофотлар билан тақдирланди. Ёш Вольтер қайси даврага кирмасин, ҳамманинг диққатини ўзига тортар, зукколиги, топқирлиги, шўхлиги билан бошқалардан ажралиб турарди. Жўшқин табиатли бўлажак файласуф ўзининг ҳукмрон доираларга ҳам тегиб кетадиган заҳархандалик йўғрилган тийиқсиз ижоди туфайли кўпинча киборларнинг жанжалига аралашиб қоларди. 1717 йилда шундай жанжаллар туфайли Вольтер Бастилия қалъасида 11 ой тутқунликда сақланди. У қамоқхонада ҳам ижод қилишдан тўхтамай, ўзининг машҳур “Эдип” трагедияси ва “Генриада” достонини ёзиб тугатди.

         Вольтер бадиий ижоднинг ҳамма соҳаларида ажойиб асарлар ёзган. Унинг фалсафий изланишлари ранг-баранг ва кенг қамровли, ўзига хос, янги, кутилмаган назарий ёндашувларга бой эди. Кўплаб давлатларнинг тождорлари Вольтерга хушомад қилганлар. Франция қироли Людовик XV у билан эҳтиёткорона муносабатда бўлган. Рим папаси Бендикт XIV буюк файласуфга мақтовли мактублар битган. Россия маликаси Екатерина II Вольтер билан узоқ муддат хат ёзишиб турган. Айниқса, уни Пруссия қироли Фридрих II жуда эъзозлаган. Вольтер ҳаётининг сўнгги 20 йилини1758 йилдасотиб олганШвейцария чегараси яқинида жойлашган Ферне қалъасида ўтказади.

         Файласуфнинг қуйидаги асарлари маълум: “Фалсафий мактублар”, “Орлеанлик бокира қиз”, “Ньютон фалсафаси асослари”, “Мемнон ёки инсоний донолик”, “Суқрот”, “Кандид ёки некбинлик”, “Скифлар” (трагедия), “Табиат мўъжизалари ҳақида”, “Руҳ ҳақида”, “Тарих фалсафаси” (“тарих фалсафаси” деган атамани биринчи бўлиб Вольтер қўллаган) ва ҳоказо.

         1778 йилда Вольтер дўстининг қистови билан Парижга келади. Париж аҳолиси уни жуда катта тантана билан кутиб олади. Вольтернинг дафна (лавр) япроғидан ясалган чамбар кийдирилган бюсти ўрнатилган Париж театри саҳнасида унинг сўнгги Ирина (1778) деб номланган фожиавий асари намойиш этилади. Бироқ бу тантаналар, сершовқин Париж файласуфни ҳолдан тойдириб қўяди.У 1778 йилнинг 30 майи оқшомида ҳаётдан кўз юмади.

* * *

         Тангрим, мени дўстлардан паноҳингда сақла – душманларни ўзим эплайман.

* * *

         “Вольтер: “Одамлар қанчалик маърифатли бўлсалар, шунчалик эркиндирлар”, – деб таълим берганди. Унинг издошлари эса халққа: “Сиз қанчалик эркин бўлсангиз, шунчалик маърифатлидирсиз”, – деб уқтирдилар. Ҳалокатнинг сири ана шунда, деб ёзганди француз маърифатпарвари Антуан Ривароль (17531801).

* * *

         Мен фақат шубҳаланишнигина биламан.

         Мен ҳақиқат деб аталувчи фалсафа тошини излаб 40 йил дунёнинг турли бурчакларида бўлдим, антик дунё намояндалари Эпикур ва Августин, Афлотун ва Мальбранше билан кенгашдим. Аммо излаганимни тополмай, қашшоқлигимча қолдим.

* * *

         Ҳар қандай ижод намунаси ижодкор тўғрисида гувоҳлик беради. Ҳеч нарса мени бу оддий аксиомадан қайтаролмайди.

* * *

         Тасодиф йўқ нарса. Биз сабабини изоҳлашга чоғимиз келмаган ҳаракатларни тасодиф деб атаймиз. Сабабсиз ҳаракат ва моҳиятсиз мавжудлик бўлмайди.Бу фикр барча файласуфларнинг бош қоидасидир.

* * *

         Улкан бинонинг митти кавакларида яшайдиган сичқонлар бино яна қанча туриши ва уни ким қурганидан бехабар умр кечирадилар. Улар фақат узоқ яшаш ва инларини бузғунчи жониворлардан омон сақлашга ҳаракат қиладилар. Биз ҳам сичқонлар кабимиз ва Коинотни бунёд этган Олий меъмор ҳеч биримизга ўз сирини ошкор этмайди.

* * *

         Ижтимоий адолат – ҳам табиий, ҳам хаёлий ғоя. Бизнинг шўрпешона сайёрамизда жамоа-жамоа бўлиб яшовчи одамлар учун буйруқ берувчи бадавлатлар ва уларга хизмат қилувчи камбағаллардан иборат иккита синфга бўлинишдан ўзга чора йўқ.

* * *

         Ҳузур-ҳаловат бағишловчи ишни бажариш – озодлик белгиси.

 “ҲАҚИҚАТ МАНЗАРАЛАРИ”

 китобидан олинди.

(Давоми бор.)

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш