БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

КОЛОБОМА: ТАШХИСЛАШ ВА ДАВОЛАШ

Колобома туғма кўз аномалияси бўлмиш тўқима етишмовчилиги ўлароқ   кўзнинг рангдор пардасини зарарлайди, қорачиқда қулф тирқиши ёки мушук кўзи кўринишида намоён бўлади. Таҳлилларга қараганда, у ҳар ўн минг кишидан биттасида учрайди. Бу хасталик ҳар доим ҳам кўришга таъсир этмаслиги баробарида кўзнинг ташқи кўринишини-да ўзгартирмайди.  

Колобома кўзнинг бир ёки бир неча структурасида юз кўрсатади. Рангдор пардада айни ҳолатнинг кузатилиши кўп ҳолларда кўришни ёмонлаштирмаса-да, бироқ кўзни ёруғликка таъсирчан қилиб қўяди. Тўр парда колобомаси микрофтальмия (бир ёки иккита кўз соққасининг аномал кичиклиги) юзага келишига сабаб бўлади. Кўрув нервлари колобомалари эса кўпинча кўришнинг чаплашиши ва фаолиятсиз доғларни келтириб чиқаради. Шунингдек, кўз соққаси ва қовоқларда сезиларли нуқсон натижасида ҳосил бўладиган оралиқ колобомаларни фарқлаш лозим. Ҳомиланинг ривожланиш жараёнидаги меъёрдан четлашишлар қовоқ колобомасига асос яратади. Нафақат кўриш аъзосининг таркибий қисмлари, балки бир ёки иккала кўзда тўқима бўлакларининг бўлмаслиги касалликнинг муҳим белгилари сирасига киради.
         Тўр пардани зарарловчи колобома натижасида кўриш майдонининг маълум бир қисми, айтайлик, юқори нуқтасида кўриш функцияси бузилиши рўй беради. Хасталикнинг кўрув нервига таъсири боис вужудга келувчи кўриш пасайишини корректирловчи линзалар кўмагида ҳам бартараф этиш имконсиздир. Колобома тўр парда ёки кўрув нервига зарар етказмаган ҳолларда кўриш заифлашуви кузатилмайди. У аксар вақтда катаракта, яқиндан кўриш, нистагм, глаукома, микрофтальмия, тўр парда кўчиши каби турли кўз касалликлари билан биргаликда кечади. Колобома ўз-ўзидан пайдо бўлганда хасталикнинг якка ҳолдаги ёки синдромсиз, бошқа аъзо ва тўқималарни зарарлайдиган синдромнинг бир қисми ўлароқ бўй кўрсатганда синдромли турини ҳосил қилади.

Кўзнинг она қорнида аномал ривожланиши колобома сабаби ҳисобланиб,  кўпинча ҳомиладорлик даврининг иккинчи ойида содир бўлади. Бу пайтда чокнинг нотўғри ёпилиши (кўрув нерви фиссураси) натижасида кўзнинг пастки қисмида колобома юзага чиқади. Шунингдек, кўриш аъзоси шаклланишига таъсир қилувчи генлардаги ўзгаришлар колобомага туртки бериши мумкин. Генетик нуқсонларнинг колобома ривожланиши билан алоқадор жиҳатлари қўшимча тадқиқотлар олиб боришни тақозо этади. Дард хавфини юзага келтирувчи сабаблар сирасига экологик омиллар ҳам киради.

Гўдак кўзида колобома бор-йўқлигини аниқлашда офтальмоскоп деб аталмиш оптик асбобдан фойдаланилади. Болакай улғайгани сайин касалликни ташхислашнинг бошқа тестлари ўтказилиши мумкин. Дейлик, кўрув фаолияти чекланиши хавфи туғилганда кўриш ўткирлиги тести қўлланади.

         Хасталикни тўла даволашга эришилмаса-да, аммо бир неча даво усулларини қўллаш асосида муолажа жараёни амалга оширилади. Колобома билан бирга учрайдиган катаракта, глаукома, тўр парда кўчиши ёки бошқа йўлдош касалликларни даволаш кўриш ҳолатини яхшилаши мумкин, бироқ муаммони тўлақонли ечиш учун бу етарли ҳисобланмайди. Кўз рангдор пардасига алоқадор колобомани даволаш иккала кўзда ҳам нуқсон аломатлари зоҳир бўлган ҳолларда рангли контакт линзаларни тақиш эвазига рўёбга ошади. Рангдор парданинг ташқи кўринишини яхшилашда жарроҳлик усули ҳам ижобий самара беради. Колобома нуқсонига юз тутган кишилар кўришни тиклашда асқотувчи кўзойнак ёки линзалар тақишларидан ташқари, уларнинг имкон қадар мустақил ҳаракатланишлари ва тўлақонли ҳаёт кечиришларига кўмаклашиш лозим.

Бир кўзида колобомаси бўлган болалардаги “ялқов кўз” касаллигини даволашда боғичдан фойдаланган ҳолда соғлом кўзни ҳам айни жараёнга жалб этиш мумкин. Америка офтальмологлар академияси маълумотларига кўра, баъзан мазкур даво амалиётида колобоманинг юқори даражаси кузатилган тақдирда ҳам кўриш ўткирлигини ошириш учун махсус кўз томизғилари ёки кўзойнакларга мурожаат қилинади. Аслида кичкинтойларга колобома ташхиси қўйилган вақтда касалликнинг илк босқичларидаёқ даво чораларини кўриш уни самарали даволашнинг муҳим омилидир. Қолаверса, болаларни кўз шифокорлари текширувидан мунтазам ўтказиш улардаги эҳтимолий муаммоларни барвақт пайқаш ва бартараф этишга хизмат қилади.  

ИНТЕРНЕТ саҳифаларидан олинди.

Рус тилидан Суҳроб ОЧИЛОВ таржимаси.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш