КУЗНИНГ КЎЗЛАРИГА ТЕРМИЛИБ...

Кузнинг кўзларига термилиб бир зум,

Баҳорни эсладим, сўлим баҳорни.

Кунларни эсладим ёшлатган кўзим,

Ўйларим оқизиб кетган анҳорни.

Қишлоқ йўлларида чанглар босилган,

Ариқлар бўйини тарк этган ялпиз.

Тўхта... қовоқларинг нечун осилган,

Наҳот, бугун сен ҳам мен каби ёлғиз?

Ёзнинг яллалари оҳиста тинди,

Борлиққа олтинранг беради сайқал.

Кел, бир ҳасратлашиб олайлик энди,

Мен ҳам кузга кириб келдим бу маҳал.

БАҲОР КЎНГЛИМГА СИҒМАЙДУР...

Баҳор кўнглимга сиғмайдур, сенингдек навбаҳоримсиз,

Ажиб боғларда ранг бўлмас, очилмас гул наҳоримсиз.

Чуғурлаб булбули нолон сафо бергай чаманларга,

Чаманлар сайрини найлай, сенингсиз гулузоримсиз.

Агар мажнун бўлиб ишқнинг балосига дучор ўлсам,

Ёруғ оламда не қилдим давосиз, лайли ёримсиз.

Фироқ боғим хазон этгай, юрак-бағримни қон этгай,

Ўтар кунлар, кетар тунлар навосиз, ихтиёримсиз.

Наҳот, бир муждани еллар саботимга олиб келмиш,

Сени кутмоққа шай бўлдим, саҳарлаб дил ғуборимсиз.

Баҳрилло БЕРДИЕВ,

Самарқанд.

ШИЖОАТ

Яраланган ожиз бир қушман,

Кўнглим ташна бироқ парвозга.

Билолмасман, ким дўсту душман,

Интизорман содиқ ҳамрозга.

Ўзга қушлар сайрашар мамнун,

Мунтазирдир уларга боғлар.

Мен-чи, хомуш, умидсиз, маҳзун,

Қалбим ўртар аламли доғлар.

Куйган дилдан куй чиқар эмиш,

Тўлдиради оҳим оламни.

Топилмайди томчи сув, емиш,

Эшитмайди ҳеч ким ноламни.

Талпинади руҳим кўк сари,

Қанотимдан айирса-да дард.

Чорласа-да ҳалокат сари,

Пок қалбимга қўнолмагай гард.

Зирқираса ҳамки жисму жон,

Курашаман борича имкон.

Томиримда жўшиб оқар қон,

Менга қанот бағишлар инсон.

ОРЗУ

Шамолдайин учгим келади,

Юлдузларни қучгим келади.

Тун пардасин йиртиб бир зумда

Фазо сирин очгим келади.

Қайда экан ойнинг ошёни,

Бормикан ё само посбони?

Борлиқ бунча синоатга бой,

Билгим келар сирин осмонни.

Ёниб турар ял-ял юлдузлар,

Нурга чўмгай зебо гул юзлар.

Сокинликнинг маъноси недур,

Қандай ҳосил бўлар кундузлар?

Феруза ҚОБУЛОВА,

Сирдарё.

МЕН   ШОИР  ЭМАСМАН        

Мен шоир эмасман, шеърим оловмас,

Фақат юрагимда ловуллаган чўғ.

Оқ варақ юзида дардим, қувончим,

Шеърларимдан бўлак овунчоғим йўқ.

Балки бемордирман нотавон, дардманд,

Қофия ишқида ёнмадим асло.

Бедор тун қўйнида кўз толса гарчанд,

Сўзларим қатидан топгайман шифо.

Мен шоир эмасман, бир сўз топгувчи,

Ҳар сўзни олтин деб билгайман аммо.

Аждодлар қонидир жонда оқгувчи, 

Менга жон сўзларсиз қоронғу дунё.

БАХТ

Чаманзор ичида юрсам айланиб,

Бир митти капалак гул бўйин қучди.

Бир зум япроқ ичра турди ўйланиб,

Ўзга бир ошёнга завқ олиб учди.

Капалакча гўзал, чиройли эди,

Мунис қанотида товланарди бахт.

Жўшқинлик бобида митти жон эди,

Билмам, қай манзилга қилган экан шаҳд.

Ҳаёти бирзумда ёниб-ўчса ҳам,

Орзу қанотида этади парвоз.

Инсонга бир аср умр берса ҳам,

Бахтли бўлмоқликнинг имконидир оз.

Гуласал ҒАЙРАТЖОНОВА,

Фарғона.

ДУНЁ

Дунё! Бир зарра деб қарама менга,

Асли хаёлотим ҳудудингдан кенг.

Мақтанмай қўяқол Ҳимолай билан,

У тоғ юрагимнинг масштабига тенг.

Дунё! Юзларимга тикилаверма,

Барибир алдайди сени зоҳирим.

Билсанг, қалбим сенга сиғдирмоқ учун,

Кичкина вужудга солган Қодирим.

Дунё! Роббим сенга юборди мени,

Буюк бир вазифа юклаб юракка.

Қўлимда ҳақиқат қиличи ила

Келгандирман сени тирилтирмакка.

Дунё! Сен уйғониб кетасан бир кун,

Кўксингга санчилар илкимдаги сайф.

Агар очилмаса ғофил кўзларинг,

Менга тоғ қалбим-у, шунча умр ҳайф.

Дунё! Бир зарра деб қарама менга...

Нодира МАМАШАРИПОВА,

Тошкент.