БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

ОЛЬГА СКОРОХОДОВА

МЕН АТРОФ-ОЛАМНИ ҚАНДАЙ ҚАБУЛ ҚИЛАМАН…

 (Давоми. Боши ўтган сонларда.)

         119. В.М. билан мутолаа қилиб ўтирардик. Тўсатдан у ўқишдан тўхтаб, менга ниманидир тез-тез гапирганча ўрнидан турди. Уни тушунмадим. Бир неча сониядан кейин атир ҳидини сездим. В.М.нинг ёнида ҳозиргина Киевдан келган Х. пайдо бўлди.

         120. Уйқуга ётишга ҳозирланаётганимда ётоқхонадан атир ҳиди анқигандек бўлди. Бир неча дақиқадан сўнг бу ҳид йўқолди. Навбатчини чақириб сўрадим: “Ҳозиргина келган ким?” “Е.А. эди”.

         121. Ч. билан мутолаа қилаётган кунимиз хонада олма ҳиди сезилди. “Ким олма еяпти?” – сўрадим мен. “Олма тановул қилаётган Ц. эди”.

         122. Ёнимга келган дўстимдан тутун ҳиди бурқсиб турарди. Ундан сўрадим: “Бугун ўтхонани ёқмаганмидинг?” “Йўқ. Нега бундай деб ўйлаяпсан?” “Сендан тутун ҳиди келяпти”. “Ҳа, айтганча, бугун сандалимиз тутаб, бутун хонадон тутунга тўлди. Шундан менга ҳам унинг иси ўрнашиб қолган бўлса керак”.

         123. Чойхўрлик вақтида одеколон ҳидини сездим. Буфет хонасига ўтганимда ушбу ҳид телефон турган жойдан келаётгандай туюлди. У ерга борсам, Е.А. турган экан.

         124. Ёнимга келган Н. билан хайрлашиб, тушликкача беш дақиқага бўлса-да боққа чиқишни ихтиёр этдим. Тезда кийиниб отландим. Қайтиб келсам, хонада шўрва ҳиди анқирди. Бироқ болалар ҳали ўйин хонасида экан. Яна боққа қайтиб, ўн дақиқача сайр қилдим. 

         125. Вақтни билиш учун ётоқхонага кирсам, стол ёнида Е.А. ўтирарди. Мен ҳам ўтиргач, мандаринми, апельсиннинг ёқимли иси жуда яқиндан келаётганини сездим.  Е.А. билан суҳбатга киришдим, бироқ ҳид ҳақида ҳеч нарса сўрамадим. Бир неча дақиқадан сўнг стол устида мандарин пўчоқлари ётганини пайқадим.

         126. Қайсидир куни Л.И. билан кўришганимизда мандарин иси димоққа урилгандек бўлди. “Сиздан мандарин ҳиди келяптими?” – сўрадим мен. “Бўлиши мумкин, унинг стол устида турган пўчоқларини йиғиштирган эдим”, – деб жавоб берди Л.И.

         127. Соат олтида уйғондим, бироқ туришга ҳали эрта эканидан ўриндан қўзғалмадим. Бир соат ўтгач, ўйин хонасида кимнингдир ҳаракатини сездим. Бундан хонани йиғиштираётганларини англадим. Сўнгра эшик ёпиқ эканига қарамай, пол юваётгандаги ҳидни туйдим. Фаррош буфет полини ювганда унинг ҳиди хонамга кирган бўлса керак, деб ўйладим. Чиндан ҳам буфет поли ювилган ва мен янглишмаган эканман.

         128. Нонушта пайти тортилаётган емак ҳидидан унинг қайнатилган картошка билан сельд эканини тахмин қилдим. Адашмабман. 

         129. А.И. институмиз билан танишиш учун меҳмонлар келганини айтди. Биз бу пайтда ўйин хонасида В. билан сўзлашиб ўтирардик. Меҳмонлар хонага кириб келганини ҳидидан билдим. Бир неча дақиқадан кейин А.И. ёнимга келиб деди: “Улар шу ерда”.

         130. Н. билан буфет хонасига кирганимизда гуруч бўтқаси исини сездим.  “Бугун кечки овқатга гуруч бўтқаси”, – дедим мен. Болалар аллақачон овқатланиб бўлишган, ҳид эса ошхона ва буфетни эгаллаган эди.

         131. Бир куни дугонамникидан кечқурун қайтганимда вестибюлга кираверишда тамаки ҳидини сездим ва Н.га дедим: “Лабораторияда асбоблар билан ишлашяпти чоғи, кўп чекилгани шундоқ билиниб турибди”.

         132. Тушлик пайтида Н. ёнимда эди. Унинг иккинчи овқат тановулига ўтганини ҳидидан билдим. Янглишмаган эканман.

         133. Лабораториядан чиққанимда ҳали зинапоя майдончасида эканимдаёқ қуймоқ ҳиди димоғимга урилди ва нонушта маҳали бўлганини англадим. Пастга тушиб ошхонага кирсам, болалар энди эрталабки тамаддига чоғланишаётган экан.

         134. Хонанинг эшиги очиқ, Н. билан ўтирган пайтимиз бирдан тамаки  ҳидини сезгандек бўлдим. Н. менга ниманидир гапирди, бироқ мен ўрнимдан қўзғалиб буфет хонаси томон йўналдим. Х.нинг келаётганини пайқаб тўхтадим. У ёнимга келиб, менга нима кераклигини сўради. Мен дедим: “Ҳеч нарса керак эмас. Тамаки ҳидини сезганим учун чиқдим”. “Бу ҳид идорадан келяпти”деди  Х.

         135. Қуролли кучлар музейида эдик. Музейнинг бир қисми билан танишиб, кетишга чоғланаётганимизда қўлим анча ифлосланганини сездим. Уни ювишим учун бир хонага таклиф этишди. Хонага кирганим заҳоти илмий мақсадда фойдаланиладиган қандайдир препаратлар, эски қоғозлар ва ҳоказоларга хос ҳидни пайқадим. М.М. деди: “Биз илмий ходимлар хонасидамиз”.

         136. Е.А. билан дарс ўтишга киришганимизда ундан келаётган резина ҳидини туйдим. “Сиздан резина ҳиди келяптими?” – сўрадим ундан. Е.А. жавоб берди: “Болалар билан “копток” сўзини ўзлаштираётганимиз боис уни қўлимда ушлаб тургандим. Шу коптокнинг ҳиди бўлса керак”.

         137. Бир куни Х. ҳамроҳлигида қайтаётганимизда бир ерда янги узилган ноннинг ёқимли иси димоғимга урилди. Кўчанинг бошқа томонида ҳид янада кучайди. Х.дан: “Ниманинг иси?” – деб сўрадим. “Билмайман, фарқига бормайман”, – жавоб берди у. “Янги ноннинг ҳиди”, – дедим мен. Х. айтди: “Ҳа-я... Бурчакда новвойхона бор экан”.

         138. Н. билан суҳбатимиз қизғин кечаётганди. Хонага Х. шошилиб кириб келди. Н. мени огоҳлантиришга улгурмади. Буни ўзим сезиб Х.ни секингина чақирдим. У хонадан чиққанида Н.дан сўрадим: “Нимага мени Х. келганида огоҳлантирмадинг, ёнимда эдинг-ку!” Н. жавоб берди: “Огоҳлантиришга улгурмадим, буни ўзинг ҳам билдинг”.

         139. Тонг-саҳарда ҳали қаттиқ уйқуда эканимда А.В. уйғотиш учун келди. У елкамга қўлини қўйиши билан уйғондим ва дарҳол этикмойҳидини пайқадим. Бундан А.В. болаларнинг ботинкасини тозалаганини билдим.  

         140. А.И. билан кўчани кесиб ўтаётганимизда унга дедим: “Бурчакда новвойхона бор экан”. “Қаердан билдинг?” – деб сўради А.И. Мен “Нон ҳидидан”, – деб жавоб бердим.

         141. А.И. билан институтга деярли яқинлашиб қолганимизда тўсатдан конфет ҳидини сездим. А.И.дан сўрадим: “Бу ерда конфет сотишадими?” У жавоб берди: “Ҳа, бу кўчада сотишади”.

         142. Л.И. билан кўчада кетаётиб дўкон ҳидини туйдим. Ундан сўрадим:

         – Бу ерда дўкон борми?

         Л.И. деди:

          Йўқ, қандайдир дарвоза бор.

          Дарвоза ҳовлиникими?

          Бу ерда ҳўл мевалар дўкони бор экан.

         – Кўряпсизми, мен ҳидига қараб дўкон борлигини айтяпман, сиз бўлса фақат дарвозани кўрибсиз.

         143. Ошхонадаги диванда ётганимда кимдир сочларимга енгилгина тегинди. Мен болаларнинг биронтаси билмасдан тегиб кетгандир, деб эътибор бермадим. Тўсатдан халатнинг этаги юзимни ёпди. Ҳидидан мен билан бот-бот шу тахлит ҳазиллашадиган А.П. эканини билдим.

         144. Хонада Е.А. билан шуғулланаётган кезларимиз эди. Танаффус чоғида сув ичиш учун чиқдим. Қайтиб кирганимда ҳидидан А.И.нинг келганини сездим. Е.А.дан сўрадим: “А.И. шу ердами?” “Ҳа”.

         145. Ошхонага кирганимда яқингинада Х.нинг ҳидини сезиб жилмайдим. Хонамга қайтдим. Бир неча дақиқадан сўнг Х. ёнимга келди ва мен қайта ошхонадаги ҳидни туйдим.

Рус тилидан СуҳробОЧИЛОВ таржимаси.

(Давоми бор.)

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш