БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

ҲАЙРАТОМУЗ БАХТЛИ ҲАЁТ САРИ ЙЎЛ

(Давоми. Боши ўтган сонда.)

Мен ҳаётимда чекловлар йўқлигига ишонаман. Истайманки, сиз ҳам қандай муаммолар безовта қилмасин, умрингиз кечимига шундай ёндашишингиз лозим. Марҳамат қилиб ўзингиз ўзингиз учун яратган ёки бошқа кишиларга яратиш имконини берган чекловлар тўғрисида ўйланг. Кутилмаганда бу чекловларнинг йўқолиб қолишини ҳам тасаввур қилиб кўринг. Агар сизда тўғри келган ишни бажариш имкони пайдо бўлса, ҳаётингиз қандай кечган бўларди? Мен – ҳақиқий ногиронман, лекин шу ҳолда ҳам мутлақо тўлақонли умр кечираман. Ноодатий ҳолатим яшаши меникидан енгил бўлмаган инсонлар билан мулоқот қилиш имконини берди. Бир ўйлаб кўринг-а, қаршингизда яна қандай имкониятлар очилади! Орзуларимизни рўёбга чиқаришимиз учун етарли даражада ақлли, хушрўй ёки иқтидорли эмаслигимиз тўғрисида ўзимизга бот-бот уқтирамиз. Бошқаларнинг фикрларига ишониш билан шахсий имкониятларимизни баттар чеклаб қўямиз. Бундан ҳам ёмони бўладими! Шу билан бирга ушбу ўй боис Яратганнинг сиз учун ҳозирлаб қўйган имкониятига ношукурлик қиласиз! Ахир, сиз унинг ижод маҳсулисиз. У сизни маълум бир мақсадда яратган. Шахсий орзуларингиздан воз кечиш билан сиз Яратганнинг иноятидан мосуво бўласиз. Ҳаётингизни ва шу тахлит ўзингизни Унинг муҳаббатидан маҳрум этиб чегаралашга ҳаққингиз йўқ. 

         Менда танлов бор. Сизда танлов бор. Биз умидсизлик ва маҳрумликлар билан ҳам яшашимиз, қайғу, ғазаб ва интиқликни бошдан кечиришимиз мумкин. Бироқ турмуш қийинчиликлари ва нохуш кимсалар билан тўқнаш келганда ҳар гал шахсий тажрибамизга таянишимиз, олға интилишимиз ва бахтимизга жавобгарлик ҳиссини зиммамизга олишимиз лозим. Сиз Яратганнинг барча махлуқотлари каби гўзал ва қадрлисиз. Сиз дунёнинг барча жавоҳирларига, ҳатто ундан ортиғига лойиқсиз. Биз сиз билан ким бўлишимиз керак бўлса, ўша бўлиш учун яралганмиз! Бизнинг доимий мақсадимиз – яхши инсон бўлишга интилиш, ўз сарҳадларимизни кенгайтириб, буюк ишлар ҳақида орзу қилиш. Эҳтимол, йўлингизга атиргуллар доим ҳам сочилавермас, аммо бу унинг устидан танк бўлиб ўтишингиз кераклигини билдирмайди. Ҳаёт барибир гўзал. Айтмоқчи бўлганим: турмуш тарзингиз қай ҳолда бўлмасин, ҳали нафас олиб тураркансиз, бу ҳаётга сизнинг қўшадиган ҳиссангиз бор. Сизнинг елкангизга дўстона қўл ташлолмайман, аммо сиз билан юракдан гаплаша оламан. Ҳаёт сизга қанчалик бефайз туюлмасин, умид ҳамиша мавжуд. Ҳолатингиз қанчалик ғуссали бўлмасин, олдингизда нимадир яхши нарсалар кутиб турибди. Йўлингиздаги тўсиқлар қанчалик мустаҳкам бўлмасин, сиз улардан баландроқ тура оласиз. Ўзгаришларга бўлган истак бу ҳали воқеликка айланди дегани эмас, фақат зудлик билан ишга киришиш қароригина бутун ҳаётингизни ўзгартириб юбориши мумкин.

         Нимаики юз бермасин, ҳаммаси яхшилик учун эканига имоним комил. Зеро, менинг ҳаётим бунинг равшан исботи. Қўлсиз, оёқсиз кишининг ҳаёти қандай яхши бўлиши мумкин? Одамлар менга қараб йўлимда учраган балолару машаққатлар, тўсиқларни қандай енгиб ўтганимни тушунадилар. Улар мен билан гаплашишни, мендан илҳом олишни истайдилар. Бу эътиқодимни улар билан бўлишишим, умид улашишим, севимли эканликларига ишонтиришим имконини беради. Менинг ҳаётга қўшаётган ҳиссам шулардан иборат. Шахсий қадр-қимматингизни англаб етишингиз жуда муҳим. Агар ҳозирда асабий ва эзгин кайфиятда бўлсангиз, ҳечқиси йўқ. Эзгинлик – илкингизда бор бўлган нарсалардан кўпроғини хоҳлаётганингиз белгиси. Бу ҳам яхши. Турмуш машаққатлари жуда кўп ҳолларда бизга айни пайтда қандай йўл тутишимиз кераклигини шипшитиб туради.

         Ҳаёт қадри. Айнан шундай бўлиб туғилганимнинг нимаси яхши эканини бирданига тушуниб етмаганман. Онам менга ҳомиладор пайтлари 25 ёшда бўлганлар. Улар касби бўйича доя – туғруқхонада ҳамшира бўлиб ишлаш асносида юзлаб оналар ва гўдакларга ғамхўрлик қилганлар. Ҳомиладор бўлганлариданоқ еб-ичишни назорат остига олганлар, дори-дармонлардан эҳтиёткорлик билан фойдаланганлар, сармаст қилувчи ичимликлар ичмаганлар, аспирин ва бошқа оғриқ қолдирувчи дориларни қабул қилмаганлар. Энг яхши шифокорлар қабулида бўлиб, уларнинг ҳомиладорлик бир маромда кечаётгани ҳақида айтганларига ишонганлар. Шунга қарамай, нимадандир безовталик онамга тинчлик бермаган. Кўз ёриш пайти яқин қолганда хавотирларини дадам билан бўлишганлар. Доимо: “Умид қиламанки, чақалоқда ҳаммаси яхши бўлади”, деб айтганлар. Икки марта ўтказилган ультратовуш текширувида шифокорлар бирон ғайриоддий нарсани пайқашмаган. Улар ота-онамга ўғил бола туғилишини айтишган, лекин гўдакнинг таянч аъзоларисиз дунёга келиши борасида лом-мим дейишмаган.

Мен 1982 йилнинг 4 декабрида туғилганман. Аввалига мени онамга кўрсатишмаган, бироқ улар: “Чақалоқда ҳаммаси жойидами?” – деб дарҳол суриштира бошлаганларида шифокорлар сукут билан жавоб беришган. Дақиқалар ўтиб борса-да, чақалоқни онасига кўрсатавермаганлар. Шифокорлар қандайдир кўнгилсизликни ҳис қилган онамга болани беришга кўпам шошилмаганлар: педиатрни чақириб, хонанинг бир бурчагига ўтишиб, мени кўрикдан ўтказишиб, бир-бирлари билан маслаҳатлаша бошлаганлар. Менинг қаттиқ йиғлашимдан онам бироз тинчланганлар. Бироқ туғруқ пайтида қўлларим йўқлигини пайқаган отамнинг боши айланиб, уни хонадан олиб чиқиб кетишган. Ҳамшира ва шифокорлар кўринишимдан каловланганча мени тезда йўргакка ўрашган. Уларнинг безовталикларини сезган онам “Нима бўлди, боламга нима бўлганини айтинглар?” – деб сўраганлар. Шифокор жавоб бермаса-да, бироқ онам талаб қилишда давом этганлар. Шундагина у биргина тиббий атамани базўр айтиш билан кифояланган: “Фокомелия”. Бу сўз мажруҳлик ёки таянч аъзоларининг йўқлигини англатади. Онам ҳамма нарсани тушунган бўлсалар-да, аммо негадир ишонмаганлар.

Педиатр гўдак билан рўй берган кўргиликлардан қўрқинчли фикрлар гирдобига тушиб қолган отам билан гаплашгани чиққанида у ҳўнграб йиғлаб юборган: “Менинг ўғлимга нима бўлган? Унинг қўллари йўқлиги ростми?” “Ўғлингизнинг қўли ҳам, оёғи ҳам йўқ”, – деб иложи борича вазминлик билан жавоб берган педиатр. Буни эшитган отам гандираклаб стулга йиқилиб гапиролмай қолганлар. Сўнг эркаклик ва оталик инстинкти ғолиб келиб, онам чақалоқни кўришидан олдинроқ унга ўзлари айтмоқчи бўлиб палатага қараб югурганлар. Бу пайтда вазиятдан аллақачон хабардор онам аччиқ-аччиқ йиғлашга тушганлар. Шифокорлар унинг қўлига гўдакни бермоқчи бўлганларида у киши рад қилиб, мени олиб кетишларини талаб қилганлар. Ҳамширалар, шифокорлар йиғлашган. Мен ҳам, ўзингиз тушунасиз, четда турмаганман. Охири улар мени йўргакка ўрашиб онамга кўрсатишган. Онам бу кўргиликларга чидай олмай, “Уни олиб кетинглар, унга қўл тегизишни ҳам, кўришни ҳам истамайман”, – деганлар.   Шифокорлар онаизорни бу ҳолга тайёрлаш имконини бермаганлари учун отам ҳалигача афсусланади. Онам ухлаганида у болалар хонасига, менинг олдимга кўргани киради, сўнг рафиқасининг ёнига қайтиб, “У шунчалар чиройлики!” – дейди. Кейин ундан мени кўришни хоҳлаш-хоҳламаслигини сўрайди. Бироқ онам ўзини бошқара оладиган даражада эмасди. Отам унинг кечинмаларини тушунгани боис ортиқ қистамайди. Хуллас, менинг туғилишим ота-онам ва яқинларимиз учун байрам эмас, катта кулфат бўлган.

Ник ВУЙЧИЧнинг

“Сарҳадсиз ҳаёт” китобидан олинди.

Рус тилидан Суҳроб ОЧИЛОВ таржимаси.

(Давоми келгуси сонда.)

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш